Овчиларнинг ови қимматга тушди
Навоий вилояти Конимех тумани Экология инспекциясининг давлат инспекторлари томонидан тезкор назорат рейдлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 2 июль куни Конимех туманидаги “Кўкча” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган навбатдаги рейд тадбирида 2 нафар фуқаро ов тақиқланган бўлсада “Нексия” автомашинасига ўрнатилган қўлбола тунги ёритгич мосламаси ҳамда 12 калибрли ов қуролида 7 дона ёввойи қуён ва 2 дона каклик овлагани аниқланди.
Кармана тумани “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи бу фуқароларга нисбатан воқеа жойида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 6 миллион 125 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланди ва ноқонуний йўл билан топилган ўлжа, ов қуроли белгиланган тартибда олиб қўйилди. “Нексия” автомашинаси эса жарима майдонига жойлаштирилди.
Энди “олғир овчилар” судда жавоб беради.
Абдували Бўриев, ЎзА