«Овчибулоқ»да биринчи лойиҳа ишга тушди
Наманган вилояти Уйчи тумани Овчибулоқ маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган «Овчибулоқ» ёшлар кичик саноат зонасида умумий қиймати 79,2 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган 20 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида тўрт юзга яқин янги иш ўринлари яратилади.
Бугун мазкур саноат зонасида биринчи лойиҳа – «Миркамол ОИЛ саноат» масъулияти чекланган жамиятига қарашли ўсимлик (пахта) ёғини қадоқлаш цехи ишга туширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этиб, уни тадбиркор Равшан Жамолов ўз маблағи ҳисобидан амалга оширди. Лойиҳа самарасида 25 та ишчи ўрни яратилди.
Цехнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Шуҳрат Мусаев, туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов, туман прокурори, 2-сектор раҳбари Шерзод Раҳимовлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
[gallery-2848]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА