“Отамнинг орзуси амалга ошди”
Бухоро жадидлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 майдаги “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини қабул қилишдан асосий мақсад маърифатпарвар жадидларнинг Ватанимиз ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолимизнинг маънавий асосларини яратишдаги фидойиликларини, ибратли ҳаёти ва фаолиятини, бой илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш ва фаол тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни янада кенгайтириш, шунингдек, 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишдир.
Бухоро жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Муин Шерозий, Садриддин Айний, Аҳмад Дониш, Исо Махдум, Иноят Махдум, Яҳё Ҳожа, Таксин, Ҳайрат, Гулшаний, Қори Абдулмажид Зуфунун, Мулло Шариф Соат, Мирзо Азим Сомий, Шамсиддин Махдум Шоҳин кабилар ўз даврининг тараққийпарвар, маърифатпарвар, илғор олимлари ҳамда ижодкорлари бўлиб, Ўрта Осиёда жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлишида уларнинг хизмати катта.

Бухоролик жадидчилар биринчидан, таълимнинг “усул-и-жадид” (“янги усул”)ни жорий қилди. Бу усул фонетик таълимга асосланган бўлиб, мадрасаларда (ислом мактабларида) қўлланиладиган эски, эслаб ёдлаш усулларига қараганда ўқиш ва ёзишни тезроқ ва қулайроқ олиб боришга йўналтирилган. Улар анъанавий ислом таълимотлари билан бир қаторда математика, география, тарих каби дунёвий фанларнинг ўқув дастурига киритилишига урғу берди.
Маълумки, Бухоро тарихда замонавий мустақил жумҳурият бўлиб, Москва, Истанбул, Берлинга талабаларни ўқишга юборган. Талабалар олий таълим олиб, ватанига қайтган. Бир қисми эса қайтиб келганда советлар уларни ҳибсга олиб, совуқ ўлкаларга сургун қилган, қатл этган.
Талабаларнинг бир қисми Туркия ва бошқа мамлакатларда қолиб илм олган, олим бўлган. Афсуски, Бухоро ўзининг олимлари илмидан фойдалана олмаган.
Шу кунларда кўҳна ва боқий Бухорода Усмон Хўжа ўғли (Усмонхўжа Пўлатхўжаев) ва унинг укаси Атаулла Хўжа ўғли яшаган ҳовли Жадидлар мероси музейига айлантирилмоқда. Қарорда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Маданий мерос агентлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг Бухоро шаҳридаги тарихий маскан – Хўжа Гулрез кўчаси 13-уй манзилида жойлашган Ҳовли Поён мажмуасида Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Усмон Хўжа ўғли (Усмонхўжа Пўлатхўжаев) 1922 йили ватани Бухорони тарк этишга мажбур бўлган. 1937 йилда укаси Атаулла Хўжа ўғли отиб ўлдирилганидан сўнг уларнинг Бухородаги уйи прокуратурага берилиб, қолган ярми ҳибсхонага айлантирилган. Ушбу ҳолат 1991 йил охиригача давом этган.
Бу уй 1992 йили бир тадбиркорга сотилган. Ўзбекистон маданий мерос агентлиги ташаббуси билан ушбу уйнинг ҳозирги эгаси билан музокаралар олиб борилди. Ниҳоят, шартнома тузилиб, мазкур бино миллийлаштирилди. Энди бу жой Жадидлар мероси давлат музейи сифатида ташкил этиладиган бўлди.
–Мен туғилганимда дадам 70 ёшда эди, мен 20 ёшда эканимда дадам Усмон Хўжаўғли вафот қилди, –деганди Усмон Хўжа ўғли Темур Хўжа ўғли Бухорога келганида мен билан суҳбатда.. –Дадам менга кичик ёшимдан буён Туркистон тарихи, маданияти, айниқса, жадидлар ва жадид адабиёти ҳақида батафсил маълумот бериб турар эди. Лекин негадир менга ҳеч қачон Бухородаги уйи ҳақида кўп маълумот берган эмасди. Мен 1990 йилда – совет тузумининг охирги йилларида Тошкентга биринчи марта борганимда у ердаги қариндошларимдан дадамнинг уйи ҳақида тўлиқ маълумот олдим. АҚШдаги Колумбия университетидаги магистратура ва докторлик дарсларим пайтида, яъни 1975 йилда менда шундай бир ғоя пайдо бўлган эди: “Дадам менга айтганидек, Совет тузуми йўқолиб, Туркистондаги Республикалар мустақил бўлганида, мен ҳам у ерга бориб, у ерда жадидлар хотираси учун бир музей очилиши борасида ҳаракат қиламан”.
Бухорога 2018 ва 2019 йилларда борганимда, отам Усмон Хўжанинг уйини бир неча марта кўрдим. Ҳатто 2019 йил 22 декабрь кечаси ўша пайтда меҳмонхона қилинган Усмон Хўжа уйида пул тўлаб бир кеча тунадим. Шу йилларда Ўзбекистондаги матбуот, нашриётлар ва ижтимоий тармоқларда отам ва мен ҳақимизда жуда кўп суҳбатлар, хабарлар, мақолалар эълон қилинди, ҳужжатли фильмлар яратилди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан отамнинг уйи Жадидлар мероси давлат музейига айланаяпти. Бундан жуда хурсандман. Отамнинг орзуси, жадидлар орзуси амалга ошмоқда. Бунинг учун Президентга миннатдорчилик билдираман.
Мухтасар айтганда, бу факт ҳам мамлакатимизда жадидлар фаолиятига адолат билан муносабатда бўлинаётганининг бир ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА