Отам, онам ва мен – спортчимиз
Андижонда ўтказилаётган «Саломатлик ойлиги» доирасида «Отам, онам ва мен – спортчимиз” шиори остида спорт-соғломлаштириш тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбир ҳақиқий спорт байрамига айланиб кетди.
Сўлим Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган тадбир доирасидаги спорт мусобақаларида вилоятдаги умумтаълим мактаблари директорлари, ўқитувчилари ва уларнинг оила аъзоларидан иборат жамоалар иштирок этди.
[gallery-2092]
– Мазкур спорт байрами таълим ходимларининг нафақат саломатлигини мустаҳкамлашга, балки улар ўртасида, оилаларида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этишга хизмат қилади, – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов.
– Саломатлигимизни мустаҳкамлашга, меҳнат фаолиятимиз самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган бу каби тадбирлар мунтазам ўтказилишини йўлга қўямиз.
Мусиқий гимнастика машқлари билан бошланган кун мароқли ва қизиқарли ўтди. Таълим тизими вакиллари «Саломатлик учун 5000 қадам» лойиҳаси доирасида спортнинг волейбол, шахмат, футбол ҳамда оилавий эстафета йўналишларида ўзаро беллашувларда иштирок этди.
Қизиқарли баҳсларнинг якуний натижаларига кўра, мусобақаларнинг ғолиб ва фаол иштирокчилари тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов(сурат), ЎзА