Остона саммити мавзуси – Марказий Осиёнинг экологик келажаги
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Остона шаҳрига амалий ташриф билан йўл олди. Икки кунлик сафар давомида давлатимиз раҳбари минтақамизнинг экологик келажаги белгиланадиган икки муҳим халқаро анжуман – Минтақавий экологик саммит (РEС 2026) ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари Кенгаши йиғилишида иштирок этади.
Кун тартиби: экологиядан ҳамкорликка
Остонадаги тадбирлар жадвали изчил ва сермазмун. 22 апрель куни Президент Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида ОҚХЖ таъсисчи давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Анжуманда Қозоғистоннинг 2024-2026 йиллардаги раислиги даври бўйича ҳисобот тингланади. Йиғилишда Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида сув ресурсларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш ва тақсимлашнинг ягона автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш масаласи ҳам кўтарилиши кутиляпти. Шунингдек, Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш бўйича асосли конвенция лойиҳаси муҳокама қилинади. Бу ҳужжат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий зарарнинг олдини олиш ва гидрологик маълумот алмашинуви тамойилини расмийлаштиришни назарда тутади.
22-24 апрель кунларига белгиланган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти стратегик шериклиги кўмагида ўтказилаётган “Барқарор келажак учун умумий қараш” мавзусидаги Минтақавий экологик саммитда минтақамиз давлатлари раҳбарларидан ташқари БМТ ҳузуридаги саккиз агентлик, халқаро молиявий институтлар вакиллари ва мутахассислар иштирок этади. Мазкур тадбир кун тартибига минтақамиз учун ҳаётий аҳамиятга эга масалалар киритилган: сув танқислиги, музликлар эриши, ер деградацияси, биология хилма-хиллиги йўқолиши, шунингдек сув, энергетика ва озиқ-овқат тизимларининг бир-бирига боғлиқлигидаги муаммолар.
Анжуман юқори даражадаги иштирокчиларни жамлайди. Хусусан, БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Жунхуа, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Феридун Синирли ўғли, ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус, Жаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби Селесте Сауло ва Халқаро электр алоқаси иттифоқи Бош котиби Дорэн Богдан-Мартин иштирок этиши эълон қилинган.
Президентимиз нутқларида акс этадиган асосий масалалар
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев анжуманларда Ўзбекистон номидан минтақавий экологик ҳамкорлик, иқлим ўзгаришига мослашиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таклиф ва ташаббусларни илгари суради. Зеро, давлатимиз раҳбари ушбу масалаларни нафақат минтақавий, балки бутун инсоният келажагига дахлдор муаммо сифатида баҳолаб келмоқда. Минтақамиз дуч келаётган экологик таҳдидларга қарши курашда биргаликдаги, тизимли ва натижага йўналтирилган ҳаракатлар зарурлигини бот-бот таъкидлайди.
Ўзбекистон сўнгги йилларда айни йўналишда аниқ ва салмоқли натижаларга эришди. Орол денгизининг қуриган икки миллион гектарга яқин майдонида саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилиб, туз-чанг кўчиши сезиларли даражада камайтирилди. Мамлакатда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили ўнлаб миллионлаб дарахт ва бута кўчати экилмоқда. 2026-2030 йилларга мўлжалланган миллий экологик стратегия қабул қилиниб, тоза ҳаво, кўкаламзорлаштириш ва барқарор ресурслардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий павильонлар кўргазмаси: тажриба ва технология намойиши
Саммит доирасида ташкил этилаётган Халқаро яшил технология ва миллий павильонлар кўргазмаси алоҳида аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев миллий павильонларга ташриф буюради ва иштирокчи мамлакатларнинг экологик технологиялар соҳасидаги илғор ишланмалари билан танишади.
Кўргазмада Ўзбекистон павильони қайта тикланувчи энергия, сув тежовчи суғориш технологиялари, ер деградациясига қарши кураш усуллари, шунингдек Орол бўйида саксовул плантациялари барпо этиш борасидаги тажрибани тақдим этади. Бу республикамиз томонидан минтақавий ва халқаро ҳамжамият билан очиқ ёндашувда тажриба алмашиш сари қўйилаётган амалий қадамдир.
Икки томонлама муносабат: ишончга асосланган иттифоқчилик
Остонага ташриф Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатнинг юқори даражаси ва изчиллигини яна бир бор ёрқин намойиш этмоқда. Зеро, атиги ўн кун аввал, 11 апрель куни Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистонга амалий ташриф буюрди.
Қадим Бухорода ўтган олий даражали музокара натижасида Президентлар Қўшма баёнот имзоладилар. Шунингдек, Олий давлатлараро кенгаш томонидан геология, нодир ер металлари қазиб олиш, трансчегаравий дарёлар оқимини назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш ва Ҳудудлар раҳбарлари кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Имзоланган якуний ҳужжатлар тўплами – Трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва сувдан оқилона фойдаланиш, Божхона хизмати ваколатхоналарини очиш, Қўшма ҳарбий ўқув машқлари ўтказиш, Қўшма инвестиция платформаси яратиш, Тоғ-кон саноатида ҳамкорликни ривожлантириш, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Остона шаҳар ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, “Ўзбекнефтгаз” ва “Казмунайгаз” акциядорлик жамиятлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги битимлар ўзаро муносабатнинг ҳозирги кенг кўлами ва теранлигини ифодалайди.
Мазкур муҳим ҳужжатлар трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқаришдек минтақамизнинг бугунги кундаги энг долзарб муаммосини ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлаштиради. Шу тариқа Бухорода илгари сурилган ғоялар Остонада қабул қилинадиган қарорлар учун мустаҳкам замин яратди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабати савдо-иқтисодий алоқа, саноат кооперацияси, транспорт-транзит, рақамли инфратузилма, энергетика, агросаноат, маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланмоқда. Икки мамлакат минтақавий жараённинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка эришишнинг кенг қамровли дастурини изчил амалга ошириб келмоқда.
Кутилаётган натижа: декларация, дастур ва янги механизм
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган минтақавий экологик ҳамкорлик масалалари бўйича Қўшма декларацияси анжуманнинг энг муҳим якуний ҳужжати сифатида эътироф этилмоқда. Шунингдек, БМТ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 2026-2030 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури ҳам тақдим этилади. Мазкур ҳужжат минтақамизнинг барқарор ва иқлимга чидамли келажагини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни жамлайди.
ОҚХЖ йиғилиши доирасида эса сув-энергетика соҳасида янги босқични белгиловчи қарорлар қабул қилиниши, жумладан жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳот бошлаш масаласи муҳокама қилиниши режалаштирилган. Ўзбекистон йиллар давомида тузилмани институционал ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари суриб келмоқда. Энди шу таклифлар амалий босқичга кўчади.
Ташриф давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари алоҳида икки томонлама учрашув ҳам ўтказади. Бу гал мезбонлик Остона шаҳри зиммасида. Музокарада Бухородаги келишувлар ижроси, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш каби далзарб масалалар кўриб чиқилади.
Хулоса ўрнида…
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Остонага амалий ташрифи ва давлатимиз раҳбари иштирок этадиган икки йирик халқаро анжуман – Минтақавий экологик саммит (РEС-2026) ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари Кенгаши Марказий Осиёнинг экологик келажаги учун тарихий аҳамиятга эга босқичдир. Бу тадбирлар натижаси нафақат минтақамиз, балки бутун қитъанинг барқарор тараққиёти сари қўйилажак кейинги қадамларни белгилайди.
Ўзбекистон бу жараённинг фаол иштирокчиси ва ташаббускори сифатида ўз тажрибаси, технологик ютуқлари ва сиёсий иродаси билан минтақанинг умумий экологик муваффақиятига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Остона анжуманлари шу йўлдаги яна бир муҳим босқич, келажак авлодларга соф ҳаво, тоза сув ва яшил замин қолдириш йўлидаги интилиш ифодасидир.
Абдуазиз Хидиров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистранти
ЎзА