Осойишталик посбонларига эҳтиром кўрсатилди
Гулистон туманида 25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилиб, хизмат бурчини сидқидилдан адо этаётган бир гуруҳ ходимлар ва соҳа фахрийлари тақдирланишди.
Туманнинг «Сойибобод» маҳалласидаги «Юксалиш» тантаналар саройида ташкил этилган тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, туман ички ишлар бўлими ходимлари, соҳа фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.


Туман ҳокими Олимжон Жўраев соҳа вакилларини касб байрами билан муборакбод этиб, уларнинг юрт осойишталигини асраш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги хизматларини эътироф этди.

Таъкидланганидек, аҳоли билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва халқ ишончини оқлаш ички ишлар органлари ходимларининг муҳим вазифаларидандир. Бу борада уларнинг касбий маҳорати, билим ва тажрибаси, масъулияти ҳамда фидойилиги муҳим ўрин тутади.


Тадбирда хизмат вазифаларини намунали бажариб келаётган бир гуруҳ ходимлар ва соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийларга ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.


Байрам тадбирининг бадиий қисмида туман маданият бўлими ходимлари ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири