Осойишталик посбонлари хизматга йўл олди
ИИВ Академиясининг сиртқи таълим факультети ички ишлар органлари учун олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.
Жорий ўқув йилида таълим муассасасини 400 дан зиёд тингловчи тамомлади. Улар орасида ички ишлар органлари билан бирга, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ходимлари ҳам бор. Шу муносабат билан Академияда ташкил этилган тантанали битирув маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия қўмондонлиги, ИИВ Малака ошириш институти вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва битирувчилар иштирок этди.

Академия бошлиғи, полковник Рустам Ҳотамов Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришга қаратилганини қайд этди. Бу устувор мақсад ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига ҳам улкан вазифа ва масъулият юклайди. Бунда, энг аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланиши керак.

Таълим муассасаси раҳбари ислоҳотлар суръати кучайиб бораётган ҳозирги даврда ҳар бир ходим профессионал билим салоҳияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари, юксак касбий тайёргарлиги билан юртимизда кечаётган янгиланишларга муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидлаб, битирувчиларни қизғин муборакбод этди. Шундан сўнг тингловчиларга “олий маълумотли юрист” малакасини берувчи дипломлар тантанали равишда топширилди.
Айтиш жоизки, ўтган тўрт йил мобайнида академияда таълим олувчиларнинг мутахассисликка оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида илғор педагогик ёндашувлар ўқув жараёнига татбиқ этилди. Машғулотлар малакали профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда турдош олий таълим муассасаларининг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилди. Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларида малакавий амалиётлар ташкил қилинди. Ўқув йили якунида улар давлат аттестацияси имтиҳонларини топширди. Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, она ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишни мақсад қилган битирувчиларга муваффақият тилади.
Битирувчилардан Шоҳруҳ Рўзматов, Шаҳноза Шукурова таълим берган устозлари меҳнатини эътироф этган ҳолда зиммаларидаги масъулиятни муносиб оқлашга ваъда берди.
Н. Абдураимова, ЎзА