Осойишта ва фаровон ҳаётимиз кафолати
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдаги аҳамиятига тўхталди ва бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан муборакбод этди.
[gallery-9908]
Таъкидланганидек, Конституция ҳар бир мамлакатнинг миллий ҳуқуқ тизимининг асосини ташкил этиш билан бирга давлат қурилиши, ҳокимияти ва жамият ҳаётининг ўлчамини ўзида жамлаши билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш босқичларига назар ташлар эканмиз, албатта сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилаётган юксак натижалар, аҳолининг фаровон ва бахтли ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг барчаси Асосий қонунимиз яратиб берган имконият эканлигини янада теран англаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги фармони билан таъсис этилган "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишони мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳамюртларимизга тантанали топширилмоқда. Тадбирда бир гуруҳ фаолларга ушбу эсдалик нишони тантанали равишда топширилди.
Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА