“Осмон қироли” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
Мазкур фильм Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “SHB” киностудияси томонидан суратга олинган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоновнинг “Осмони фалакларда” асари асосида яратилган ушбу картина истеъдодли режиссёр Жаҳонгир Қосимов томонидан экранлаштирилган бўлиб, унда инсон тақдири, фидойилик, мураккаб танловлар ҳамда осмон билан боғлиқ орзулар бадиий талқинда ёрқин акс эттирилган.

Премьерада таниқли кино арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари, кино ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– Ватанга муҳаббат ва садоқат, касбга бўлган фидойилик, бурч ва матонат ҳақида сўзловчи ушбу асар асосида янги фильм суратга олинди, – деди Кинематография агентлиги директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. – Ушбу картина асосан драма жанрида. Кино асарда авиация наинки касб ёки соҳа сифатида, балки инсоннинг маънавий баландлиги ўзига хос бетакрор тарзда талқин этилган. Ушбу фильмда томошабин авиациянинг мафтункор оламига кириб бориши билан бирга, инсон қалбидаги мураккаб кечинмалар, виждон ва манфаат, орият ва мунофиқлик, юксаклик ва тубанлик ўртасидаги кескин курашга гувоҳ бўлади.
– Ушбу фильм Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда “Севимли” телеканали билан ҳамкорликда суратга олинди, – деди картина режиссёри Жаҳонгир Қосимов. – Шунингдек, фильмнинг яратилишида Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур учувчи Зарифхўжа Саидазимовга миннатдорлик билдирамиз.

Дарҳақиқат, асар мустақилликнинг дастлабки йилларида миллий авиациянинг тикланиши, унда садоқат билан фаолият олиб бораётган инсонлар ҳақида ҳикоя қилиши билан бирга, оғир вазиятларда масъулиятни зиммага ола билиш, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон ўз виждони ва эътиқодидан айро бўлмаслиги ҳақида жуда таъсирчан, самимий, ҳаяжонли тарзда ҳикоя қилинади.
«Осмон қироли» бадиий фильми ўзбек кинематографиясида инсон иродаси, масъулият ва миллий авиация тарихини очиб берувчи муҳим тарихий-драматик асардир. Фильм воқеалари Ўзбекистон мустақиллиги арафасидаги ўта мураккаб даврда кечади. Асар фақат учувчилик касби ҳақида эмас, балки тизим ўзгариши давридаги инсон тақдирлари, миллий кадрларнинг шаклланиши ва руҳий эврилишларни жуда аниқ кўрсатиб берган.
Марказий образлар — Бадалов ва Шамшетов ўртасидаги касбий ҳамда шахсий муносабатлар орқали ҳаётий зиддиятлар, масъулият ва орзулар тўқнашуви маҳорат билан очилган. Фильмнинг энг кучли томонларидан бири — ижрочилар таркиби. Карим Мирҳодиев, Матёқуб Матчонов ва Тоҳир Саидов каби тажрибали актёрларнинг иштироки фильмнинг бадиий қимматини, образларнинг ишонарлилиги ва психологик теранлигини таъминлаган.
Авиация мавзусидаги фильмларда кадрлар мураккаблиги катта аҳамиятга эга. «Осмон қироли»да парвоз саҳналари ва давр муҳитини яратишда операторлик иши ҳамда созламалар сифатли ишланган.
Сценарий муаллифи, устоз адиб Хайриддин Султоннинг “Осмони фалакларда” асарининг моҳияти ўз касбига садоқат ва юзлаб инсонлар ҳаёти учун жавобгарлик туйғуси бўлиб, ҳақиқий учувчи нафақат техникани бошқариши, балки юксак ирода эгаси бўлиши кераклигини кўрсатади. Асар маҳаллий, ўзбек учувчиларининг ўз юртида етакчи ва ўз ишининг ҳақиқий эгаси («осмон қироли») бўлиш учун қилган курашини, миллий авиациянинг шаклланиш йўлини ифодалайди.
Фильмда тажрибали устозлар ва ёш авлод ўртасидаги муносабатлар, касб сирларини ўрганиш ва мактаб яратиш жараёни катта аҳамиятга эга. Тез ўзгараётган давр фонида инсонларнинг характери, уларнинг ички дунёси, дўстлик, оила ва вазифа олдидаги бурч устуворлиги картинада батафсил таҳлил қилинади.
Картинада Карим Мирҳодиев, Аббос Иброҳимов, Матёқуб Матчонов, Тоҳир Саидов, Отабек Мусаев ҳамда бошқа таниқли актёрлар маҳорат билан роль ижро этган.
“Осмон қироли” миллий кинематографиямизнинг навбатдаги йирик ва мазмунли лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири