
Жорий йилнинг 3–27 ноябрь кунлари Қатарда футбол бўйича 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ушбу нуфузли мусобақада “J” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, Парагвай, Панама ва Ирландия термалари билан рақобатлашади.
Жаҳон биринчилигига муносиб тарзда тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз Жанубий Америкада ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.

Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Боливия ўсмирлар терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ягона гол 89-дақиқада Азизбек Абдумўминов томонидан урилди. Шунингдек, 61-дақиқада Асилбек Алиев қизил карточка олиб майдонни тарк этди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғин доирасида терма жамоамиз аввалроқ Чили ўсмирлар терма жамоасига қарши икки учрашув ўтказиб, 1:0 ва 2:1 ҳисобларида ғалаба қозонган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА