Ўсмир дзюдочиларимиз жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашмоқда
Бугун, 22 август куни Эквадорда дзюдо бўйича давом этаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг учинчи кунги беллашувларида оғир вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар аъзоси бугун ўз омадини синовдан ўтказади:
-81 кг: Самандар Суннатов – Рубен Корона (Мексика) / Даниэль Юрковши (Франция)
-90 кг: Жўрабек Эшпўлатов – Сем Деннемон (Франция) / Мунгундул Батжаргал (Мўғулистон)
+90 кг: Алибек Дурдиев – Георгий Лалиашвили (Испания) / Маркус Роса (Бразилия)
-70 кг: Пошшажон Жумабоева – Мария Элени Папайоанну (Греция).
Чемпионатнинг ортда қолган иккинчи кунги мусобақаларида -73 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Беҳрузбек Усмонов жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди. У учинчи ўрин учун кечган муросасиз баҳсда озарбайжонлик Садиг Маммадовни мағлуб этди.

Бугун ўтадиган учинчи кунги беллашувлар остонасида Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги медаллари сони 5 тага етди. 1 та олтин, 4 та бронза медалга эга чиққан ўсмир дзюдочиларимиз медаллар жамғариш бўйича дунёнинг 60 давлати орасида кучли учликни банд этиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, эртага терма жамоамиз аъзолари 12 та терма жамоа иштирокида ўтадиган аралаш жамоавий баҳсларда татамига чиқади.
Т.Рўзиев,
ЎзА