Осиё хотин-қизлари иккинчи форумини юқори савияда ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенатига “БМТ-аёллар” тузилмаси Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси офиси раҳбари, Ўзбекистондаги “БМТ-аёллар” тузилмаси офиси раҳбари вазифасини бажарувчи Жерен Гувен Гуреш ташриф буюрди.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова билан учрашувда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган Осиё хотин-қизлари иккинчи форумини юқори савияда ташкил этишга доир ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро ҳамкорлик юксак аҳамиятга эга эканини ва изчил ва узвий равишда ривожлантирилиши зарурлигини таъкидлаб, бу йўналишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратди.
Бўлажак форум мазмунини бойитиш, уни амалий натижаларга йўналтириш ва якуний ҳужжатни аниқ таклиф ва тавсияларга асосланган ҳолда ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

“БМТ-аёллар” тузилмаси мазкур ҳужжат лойиҳасини халқаро экспертлар иштирокида пухта ишлаб чиқишда кўмаклашиши қайд этилди.
Форум доирасида юқори малакали мутахассислар, халқаро экспертлар ва амалиётчи мутахассисларни кенг жалб қилиш, панель сессиялар мавзуларидан келиб чиқиб, нуфузли маърузачилар иштирокини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни изчил амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА