Осиё ва Европа қитъасининг кураш ҳакамлари Ўзбекистонда имтиҳондан ўтказилмоқда
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида Осиё ва Европа қитъаларидан келган кураш бўйича 25 нафардан зиёд халқаро тоифадаги ҳакамлар миллий спортимиз бўйича ўз билимларини бойитмоқда.
Халқаро кураш ҳакамлари ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида Самарқанд шаҳрида ўтказилган фахрийлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати беллашувларини бошқариб боришда иштирок этиб, амалий билимларини бойитди.
Қадимий шаҳарда 46-55, 56-60, 61 ва ундан юқори ёш тоифаларида ўтган фахрийлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида 4 та олтин медаль жамғарган Қашқадарё вилояти вакиллари 1-ўринни, Бахоро вилояти фахрий курашчилари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 6 та бронза медали билан 2-ўринни, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларига эгалик қилган Навоий вилояти терма жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Бугун, 22 июнь куни эрта тонгдан “Олимпия шаҳарчаси”даги Яккакураш спорт мажмуасида халқаро кураш ҳакамлари учун ташкил этилган икки ҳафталик гибрид малака ошириш курснинг амалий босқичига старт берилди.
Самарқандда якунланган мусобақа жараёнларини бевосита бошқариш ва баҳолаш машғулотларидан кейин Осиё ва Европа қитъасидан келган ҳакамлар олинган билимларни тажрибали экспертлар кўригидан ўтказмоқда.

Олинган билим ва тажрибаларни халқаро майдонда ягона стандарт асосида қўллаш, мураккаб техник вазиятларни баҳолаш, гиламда шаффофлик ва адолат мезонларини таъминлаш каби муҳим йўналишлар имтиҳондан ўтказилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА