Осиё ўйинлари олдидан муҳим йиғилиш
Катта мусобақадаги муваффақият фақат майдонда эмас, балки унга олиб борадиган пухта режа, интизом ва масъулиятли тайёргарлик жараёнида ҳам яратилади. Ҳар бир йиғин, ҳар бир таҳлил ва ҳар бир қабул қилинган қарор спортчиларнинг келажакдаги натижаларига замин бўлади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Бош котиби Гавҳархон Муқаддасова бошчилигида федерация ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида 2026 йил 19 сентябрдан 4 октябрга қадар Япониянинг Айчи–Нагоя шаҳрида бўлиб ўтадиган XX Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, мусобақада иштирок этадиган спортчилар таркиби, захира таркиблари, тайёргарлик режаси, ўқув-машғулот йиғинлари, тақвим режалари ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан тақдимотлар тингланди.

Шунингдек, белгиланган вазифалар ижроси, масъул ходимларнинг ҳисоботлари кўриб чиқилди. Тайёргарлик жараёнини янада самарали ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида XX Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиш, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда юқори натижаларга эришишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди. Бу эса миллий терма жамоанинг нуфузли мусобақага пухта тайёргарлик кўраётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Н.Раҳмонова, ЎзА