Осиё чемпионати: Гандболчиларимиз чорак финалда Эрон билан куч синашади
Иордания пойтахти Амман шаҳрида гандбол бўйича давом этаётган 11-Осиё чемпионати гуруҳ босқич ўйинларида муваффақиятга эришган Ўзбекистон U-18 терма жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Чемпионатнинг “А” гуруҳида баҳс олиб борган гандболчи йигитларимиз гуруҳ босқичидаги сўнгги тур ўйинларини Иордания жамоасига қарши ўтказди.
Қизиқарли кечган ўйинда ҳамюртларимиз мезбонлар жамоасини 42:32 ҳисобида мағлуб этди.
“А” гуруҳидаги ўйинлар якунига кўра, 8 очко жамғарган Баҳрайн жамоаси 1-ўринни, 6 очко тўплаган Жанубий Корея гандболчилари 2-ўринни ва 4 очкога эга Ўзбекистон жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Ҳамюртларимиз эртага, 28 август куни ўтказиладиган чорак финал ўйинида Эрон терма жамоаси билан куч синашади.
Айтиш лозимки, ўсмирлар ўртасидаги 12-жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўтайдиган ушбу биринчиликда 10 та миллий терма жамоа 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб борди.
Эслатиб ўтамиз, ўз гуруҳидан энг яхши натижа қайд этган тўртта жамоа чорак финалда “Б” гуруҳининг омадли жамоалари билан баҳс олиб боради.
Ярим финал учрашувлари 29 август, финал ва бронза медали учун ўйинлар 31 август куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА