Ҳосил мўл, даромад зўр бўлади
Сурхондарё вилоятида етиштирилган ғаллани қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш, экиндан бўшаган майдонларни сифатли шудгорлаш ва кейинги ҳосилга тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда.
Сурхондарё вилоятида етиштирилган ғаллани қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш, экиндан бўшаган майдонларни сифатли шудгорлаш ва кейинги ҳосилга тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда.Жорий йилда вилоят ғаллакорлари 98 минг гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос “Краснодар-99”, “Половчанка”, “Таня”, “Крошка” каби эртапишар ва серҳосил бошоқли дон экинларини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.
Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фермерлик ҳаракатини ривожлантириб, қишлоқ хўжалигини сердаромад соҳага айлантирди. Баҳор инжиқ келган жорий йилда вилоят фермерлари ғаллани илғор агротехник усуллар асосида парваришлаб, мўл ҳосил тўплагани бунга яққол мисол. Айни пайтда етиштирилган ҳосилни тез ва сифатли ўриб-йиғиб олиш, ғалладан бўшаган майдонларни сомондан тозалаш, шудгорлаш, сомон ёқилишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан тез кунларда якунлаш учун 141 отряд ташкил этилиб, уларга малакали мутахассислар бириктирилган. Ўрим комбайнлари, ғалла ташийдиган машина ва бошқа техника воситалари мавсумга пухта ҳозирланиб, етарли миқдорда эҳтиёт қисмлар захираси яратилган. Ўрим-йиғим учун 302 юқори унумли замонавий комбайн жалб этилган.
Мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнида вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳосилдан бўшаган далаларни сомондан тозалашнинг аҳамияти, сомонни ёқиб юборишнинг салбий оқибатлари ҳақида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борди. Дон қабул қилиш шохобчалари, корхоналар ва аҳоли гавжум жойларга ғалла майдонларида сомонни ёқиб юбориш ҳамда дон маҳсулотларини ташиш жараёнида ёнғиннинг олдини олишга қаратилган панно ва плакатлар ўрнатилди.
Мутахассисларнинг фикрича, ғалладан бўшаган майдонларда қолган пояларни ёқиб юбориш ер унумдорлигининг кескин пасайиб кетишига сабаб бўлади. Сомонни ёқиш тупроқнинг ҳосил учун фойдали ўғитларга бой юқори қатламини қотиради, мавжуд микроорганизмлар ва фойдали ҳашаротлар нобуд бўлади. Шунингдек, ҳосилдан бўшаган майдон вақтида шудгор қилинмаса, жазирама таъсирида тупроқ намлиги тез кўтарилиб, ерни қотириб ташлайди. Натижада экин майдонини келгуси ҳосилга ҳозирлаш юмушларида харажат кўпайиб, ортиқча меҳнат ва қўшимча ёнилғи талаб этилади.
– Ғаллачиликнинг сердаромад тармоққа айлангани фермерларда экин майдонларидан самарали фойдаланиш кўникмасини шакллантирмоқда, – дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Ўринов. – Эндиликда ғаллакорлар ҳосилдан бўшаган майдонларни зудлик билан сомондан тозалаш, эрта шудгорлашнинг аҳамияти ҳамда сомон ёқилишининг салбий ҳолатларини тўғри англаб, бу ишга катта масъулият билан ёндашмоқда. Ўрим тугаётган майдонларнинг сомони уюшқоқлик билан йиғиб олиниб, чорва учун тўйимли озуқа жамғарилаётир. Ўз вақтида шудгорланиб, келгуси ҳосил учун пухта замин яратилмоқда.
Қумқўрғон тумани фермерлари бу йил саккиз минг гектардан ортиқ майдонда ғалла парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.
– Дон – ризқ-рўзимиз манбаи, нон – дастурхонимиз кўрки, – дейди Қумқўрғон туманидаги “Чорвадор” фермер хўжалиги раҳбари Раҳмиддин Шаропов. – Хўжалигимиз 50 гектардан зиёд майдонда эртапишар ва серҳосил ғалла парваришлади. Ўтган йили ҳар гектар майдондан ўртача 50 центнердан дон йиғиб олган эдик. Бу йил ҳосилдорликни янада оширишни мўлжаллаяпмиз. Шунингдек, хўжалигимизда парваришланаётган қорамоллар учун тўйимли озуқа – ғалла поялари исрофгарчилигига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. Дони йиғиб олинаётган майдонларни сомондан тозалаб, уни пешма-пеш чорвачилик комплексимизга ташиб келтираяпмиз.
Вилоятнинг Термиз, Ангор, Жарқўрғон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида ҳам ғалладан бўшаган майдонларни сомондан тозалаш, шудгорлаш ишларини тез кунларда якунлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.