Ошқовоқ экспортга жўнатилади
Сайхунобод туманининг 19 та ҳудудида истиқомат қилаётган "Аёллар дафтари”, "Темир дафтар” рўйхатида турган, аҳолининг кам таъминланган қатлами қўшимча даромад топиш, рўзғорларини обод қилиш учун ўзларига тегишли бўлган томорқанинг 300 гектарига "Сайхунобод тажрибаси" асосида ошқовоқнинг серҳосил навини экканди.
Бугун улар томонидан экилган, парваришланган ошқовоқлар ҳам ўтган йилга қараганда эртароқ пишиб етилди. Шу кунларда уни йиғиб олиш, экспортёр корхоналарга етказиш жадал суръатларда давом этяпти.
–Ошқовоқ нафақат ички бозорда, ташқи бозорда ҳам ўта харидоргир, – дейди Сайхунобод туман савдо-саноат палатаси раҳбари Шоирахон Шаматова. –Қолаверса, серҳосил бўлганлиги боис, Сайхунобод шароитида 1 гектардан 10 тонна ҳосил олиш мумкин.
[gallery-19458]
Шу бугунга қадар 224 тонна ошқовоқ йиғиб-териб олинган бўлса, мавсум охиригача бу кўрсаткич 3000 тоннадан ҳам ошиши кутиляпти.
Муҳими, далаларда ошқовоқлар сероб. Унинг маълум бир қисми туман савдо- саноат палатаси орқали экспортга йўналтирилса, қолган қисми ички бозорга чиқарилади.
Бу эса "Аёллар дафтари”, "Темир дафтар” рўйхатида турган, аҳолининг камбағал қатлами даромади ортишига, рўзғорининг тўкин ва фаровон бўлишига хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири