Ўш давлат университети профессори талабаларга дарс ўтмоқда
Самарқанд давлат университети бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ университетлари билан ҳамкорлик ўрнатган.
Ушбу олий ўқув юртлари билан турли қўшма дастурлар орқали профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилган.
Худди шундай алмашинув дастури асосида Ўш давлат университети профессори, география фанлари доктори Абдурашит Низамиев Самарқанд давлат университети география ва экология факультети талабаларига онлайн маърузалар ўқиб келаётган эди. У талабалар билан яқиндан танишиш, анъанавий дарсларни ташкил этиш мақсадида Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.
Бугунги кунда Абдурашит Низамиев талабаларга география фани бўйича дарс ўтмоқда.
- Университетимизда кўплаб хорижлик ўқитувчиларнинг дарслари йўлга қўйилган, - дейди география ва экология факультети талабаси Зафар Сирожев. - Қирғизистонлик олим Орол муаммоси, Иссиқкўл ва Каспий денгизи ҳудудида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида дарс ўтди. Биз талабалар хорижлик ҳар бир янги ўқитувчи келишини интиқлик билан кутамиз. Уларнинг юртимиздаги ўзгаришлар, экология соҳасидаги ислоҳотларга оид фикрлари биз учун қизиқ. Бу дарс машғулотлари янада қизиқарли ўтишини таъминлайди.