Орзуларга йўл очган, сарсонликларга барҳам берган ислоҳотлар
Бугун — биринчи август. Бундан ўн йиллар муқаддам бу сана кўплаб ёшлар ҳаётига жуда катта таъсир кўрсатган.
Сабаби, айнан шу куни мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари ўтказиларди. Бу сана нафақат абитуриентлар, балки ушбу жараённи ёритган оммавий ахборот воситалари учун ҳам асаб ва сабр-бардош имтиҳони бўлгани рост. Бир қарашда ҳамма нарса тартибли ва текисдек туюларди. Аммо аслида вазият бутунлай бошқача эди...
Юртимизда бошланган янгиланишлар, энг аввало, таълим соҳасида ўз аксини топди. Зеро, жамиятдаги, мамлакатдаги ва энг муҳими, инсонлар онгидаги туб ижобий ўзгаришларга эришишнинг энг самарали йўли сифатли таълим эканини давлатимиз раҳбари доимо таъкидлаб келмоқда.
Бугун шиддатли тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонда олий таълим соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилди. Азалдан халқимиз фарзандларининг билимли, ўз касбининг моҳир мутахассиси ва комил инсон бўлиб вояга етишини орзу қилган. Ана шу эзгу мақсадлар рўёбга чиқмоқда.
Энг муҳими, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш имкониятлари кескин кенгайди. Бугунги қамров кўрсаткичлари бундан ўн йил аввалги вазият билан таққослаб бўлмайдиган даражага етди.

Абитуриентлар учун ҳужжат топширишнинг замонавий ва шаффоф механизми — онлайн қабул тизими йўлга қўйилди. Натижада саратон жазирамасида олийгоҳлар остонасида навбат кутиш, ҳужжатлардаги камчиликларни тўлдириш, йўналишлар ҳақида маълумот излаб сарсон бўлиш каби муаммолар барҳам топди. Бир неча йил эмас, ўнлаб йиллар давомида олийгоҳ эшигида умри, орзу-ҳаваси ўтган ёшларнинг сарсонгарчилиги тарихда қолди.
Мамлакатимизда жамият ва иқтисодиёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда янги давлат олий таълим муассасалари ташкил этилди. Хорижий университетлар филиаллари очилди. Нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятига кенг йўл очилди. Бу ўзгаришлар ёшларнинг билим олишга бўлган эҳтиёж ва интилишларини инобатга олган ҳолда амалга оширилди.
Натижада юртимиз ёшлари хорижнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш имкониятлари кескин даражада ортди. Бу эса билимли, рақобатбардош ва замонавий дунёқарашга эга кадрлар сафи тобора кўпайиб бораётганидан далолат беради.
Аёл-қизларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш, эҳтиёжманд оилалар қизларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг магистратурада давлат гранти асосида таҳсил олиши, илмий изланишлар билан шуғулланиши учун яратилган имкониятлар ҳам халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
Бугун «қизим ўқишга кирди», «ўғлим талаба бўлди», «неварам университетга қабул қилинди» дея чин дилдан қувонаётган юртдошларимиз сафи йил сайин кўпаймоқда.
Албатта, дипломли ёшлар сони кўпайиши билан уларнинг бандлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Бироқ, олий маълумот олган инсоннинг дунёқараши, фикрлаш маданияти, фуқаролик позицияси, оила ва фарзанд тарбиясига муносабати ҳам жамият тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Олий таълим соҳасидаги асосий ўзгаришлар яна нималарда намоён бўлди?
Бундан ўн йил аввал рақамли технологиялар, сунъий интеллект, замонавий ахборот тизимларининг олий таълим жараёнига кенг жорий этилишини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.
Илгари мактаб битирувчиларининг атиги 9 фоизи олий таълимга қабул қилинган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич кўп карра ошди. Талабалар сони 1,5 миллион нафардан зиёдни ташкил этмоқда. Университетлар сони кескин кўпайди. Улар орасида хусусий ва нуфузли хорижий университетлар филиаллари ҳам бор. Бу эса таълим соҳасида рақобат муҳитини шакллантириб, сифат ошишига хизмат қилмоқда.
Кириш имтиҳонлари бугун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан очиқлик, шаффофлик ва инсон омилининг минималлаштирилиши асосида ташкил этилмоқда. Бу таниш-билишчилик ва коррупция хавфини сезиларли даражада камайтирди.

Етакчи давлат олий таълим муассасаларига академик ва молиявий автономия берилди. Улар ўқув дастурларини мустақил шакллантириш, контракт миқдорини белгилаш ва бюджет маблағларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлди.
Соҳага халқаро илғор тажрибалар фаол жорий этилмоқда. Дунёнинг кўплаб илмий-маърифий масканлари, университетлари билан самарали ва натижадор ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Кредит-модуль тизими ҳамда HEMIS ахборот тизимининг жорий этилиши ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларни қисқартирди. Энди талабаларнинг ўзлаштирган кредитлари халқаро мезонлар асосида тан олинмоқда, бу эса академик мобилликни кенгайтирмоқда.
Профессор-ўқитувчиларнинг меҳнати ҳам муносиб рағбатлантирилди. Уларнинг ойлик маошлари бир неча баробар оширилди, илмий даражага эга мутахассисларга қўшимча устамалар жорий этилди. Бу таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг юксалишига хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун мамлакатимиз олий таълим тизими тубдан янгиланди. Бу ислоҳотлар ёшларнинг билим олиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун мустаҳкам замин яратди.
Буларнинг барчаси янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, ёшлар келажагига инвестиция киритиш ва мамлакатимизни тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА