Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаол, ЮНИCЕФнинг ногиронлар интеграцияси бўйича маслаҳатчиси Жўрабек Қаҳҳоров Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қўшма дастури доирасида инклюзивлик, ундан фойдаланиш имкониятини ошириш устида ишлаб келяпти.
У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тошкентдаги Ахборот бўлими ходими Анвар Мелибоев билан суҳбатда болалик даврини эслаб, ҳаёт йўлида дуч келган қийинчиликлар ҳақида гапириб берди. Бугунги кунда ногиронлар ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан амалга оширилаётган ишларга ўз фикрини билдирди.
– Болалигимда кўпинча хонам деразаси олдида туриб, дўстларим ва қўшни болаларнинг жарангдор кулгиси ва ҳазилларини эшитишга ҳаракат қилардим. Шунчаки хонамдан ташқарига чиқиб, улар билан бекинмачоқ ўйнагим, арғимчоқда учгим келарди. Афсус, буни иложи бўлмасди, – деди Сурхондарё вилоятида таваллуд топган Жўрабек Қаҳҳоров.
У 2017 йил Ўзбекистон Миллий университети инглиз филологияси факультетини тамомлагач, Тошкент шаҳридаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказига ишга киради. Беш ёшида мия шикастланиши натижасида кўриш қобилиятини йўқотган ёш фаол турмушидаги ушбу ҳодисани қуйидагича хотирлади:
– Афсуски, кўриш қобилиятини йўқотиш мен учун тенгдошларим, дўстларим билан мулоқот қилишда катта тўсиққа айланди, аммо ўз салоҳиятимдан тўлиқ фойдаланиш ва жамиятнинг бир қисмига айланиш истаги мени ҳеч қачон тарк этмаган. Бу истак ҳамиша қалбимда бўлган.
Ёшлигимда бошқалардан ёрдам кутардим, кўмак берилишини орзу қилардим. Бу орзу ҳалигача мени олдинга чорлайди. Марказда тарбияланувчилар билан ишлаб, яқиндан мулоқот қилиб, тушунганим шу бўлдики, Брайль алифбосидан фойдаланиш имконияти чекланган экан. Брайль алифбоси кўзи ожиз ва заифлар учун кўплаб имкониятлар очади. Қўлланма кўзи ожизлар дунёсини ўзгартиради, дунё қарашини кенгайтиради, саводхонлигини оширади ва ишга жойлашишга замин яратади.
Қайд этиш керакки, Жўрабек 2019 йилда босма Брайль хусусий босмахонасига асос солди. Бир неча йиллар давомида босмахонада ўзбек халқининг машҳур ёзувчи ва шоирларининг ўнлаб китоблари, болалар учун ўзбек халқ эртаклари тўплами Брайль алифбосига таржима қилиниб, кўзи ожиз ёшларга етказиб берилган.
Ҳозирда Жўрабек БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари ҳамкорлик дастури, ЮНИCЕФ, БМТТД, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси томонидан молиялаштирилаётган “Ижтимоий хизматлар кўрсатишни ўзгартириш: Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар, ёшлар ва аёллар учун инсон ҳуқуқлари бўйича ёндашувни жорий қилиш” қўшма дастури доирасида Инклюзивлик бўйича мутахассис бўлиб ишлайди.
Ушбу дастур заиф гуруҳлар мустақиллиги ва инклюзивлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қулай хизматларни тақдим этишга алоҳида эътибор қаратади. Масалан, ногирон болаларни махсус муассасага жойлаштиришнинг олдини олиш учун касалликни эрта аниқлаш хизмати тақдим этилди. Бундан ташқари, ушбу дастур имконияти чекланган хотин-қизларга гендер зўравонликка қарши курашишда қулай шароит яратишга хизмат қилади.
ЮНИCЕФ ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси қўшма дастур доирасида ногиронлиги бўлган шахслар имкониятини кенгайтириш мақсадида қатор тренинглар ўтказилмоқда. Ўтган йил мамлакатимизнинг учта вилоятида 90 нафар фуқаро, хусусан, имконияти жисмонан чекланган шахслар иштирокида тренинглар бўлиб ўтган. Иштирокчилар БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси мазмун-моҳияти, ногирон болалар ва уларнинг ота-оналари ҳуқуқлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти, рўйхатга олиш қоидалари ҳақида маълумотга эга бўлишди.
2021 йил июнда Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилди, шу орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашга содиқлигини, шунингдек, Конвенция тамойиллари ва “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” тамойилига мувофиқ ногиронлар ҳуқуқларини илгари суриш бўйича чора-тадбирлар муҳимлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.
– Ушбу дастурда ишлаш ногиронлар ҳаётини яхши томонга ўзгартириш ва жамиятимизни янада инклюзив қилиш имконини беради, – дейди Жўрабек Қаҳҳоров. – Ҳар сафар ногирон болаларни кўрганимда ўзимни эслайман: мен дераза олдида турибман. Фаолиятимиз Ўзбекистондаги ўн минглаб йигит-қизларнинг жамиятда қўрқув ва қоралашларсиз, бахтли яшашига ёрдам беришига қатъий ишонаман.
ЎзА