Ортиқча ундирилган пул қайтарилди
Мамлакатимизда тадбиркорларга барча шароитларни яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қаралади. Хусусан, Бизнес омбудсман бу борада самарали фаолиятни амалга оширмоқда.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсмандан Жиззах вилоятида фаолият юритувчи фермер хўжалиги раҳбари нотўғри ҳисобланган ер солиқлари туфайли ортиқча ундирилган пул маблағини қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Аниқланишича, "Диёр сервис" (номи ўзгартирилган) фермер хўжалигининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган омборхона биносига қишлоқ хўжалиги тоифасига кирувчи бинолар учун белгиланган солиқ ҳисобланиши лозим бўлган.
Лекин Ғаллаорол туман солиқ инспекцияси томонидан ушбу бино нотурар бино деб қабул қилиниб, ер солиғи нотўғри ҳисобланган. Оқибатда хўжалик ҳисоб рақамидан ортиқча 24,4 миллион сўм пул маблағи ечиб олинган.
Вакил девони ходимларининг аралашуви билан ортиқча ҳисобланган пул маблағи фермер хўжалиги ҳисоб рақамига қайтарилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА