Ортиқча дабдаба ва ҳашаматдан воз кечиш даври келди (+видео)
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида “Маромлилик – умуммиллий ҳаракат” мавзусидаги семинар-тренинг ташкил этилди.
Бугун интернет тармоқларида ортиқча ҳашаматга берилиб, дабдабали тўйлар қилаётган, йиғин ва маросимлар ўтказаётганларни кўриб қанчадан -қанча маблағлар ҳавога совурилиб кетаётганидан ачинамиз. Албатта, бу каби тадбирларни, одамнинг ғашини келтирадиган турли удумларни киритишга уринаётган қўштирноқ ичидаги “тарғиботчилар”ни бир нарса қизиқтиради – у ҳам бўлса ташкилотчидан кўпроқ пул ундириш. Ортиқча ҳашамат балки уларнинг чўнтакларига кўпроқ даромад келтирар, лекин бу бачкана маросимларга эргашганлар учун наф келтирмаслиги аниқ. Ана шундай салбий иллатларнинг ёшлар ўртасида урчиб кетишига йўл қўймаслик, мустақил ҳаётга эндигина қадам қўяётган йигит-қизларнинг фикрини тўғри йўналтириш мақсадида республикамизда турли семинарлар, учрашувлар, жонли мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида ташкил этилди. “Маромлилик – умуммиллий ҳаракат” мавзусидаги семинар-тренингда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари, талабалар, тадқиқотчилар ҳамда ёш оила вакиллари иштирок этди. Унда тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олиш, миллий қадриятларни асраш, шунингдек, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий меъёрлар ва маъмурий жавобгарлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар-тренингда филология фанлари доктори, профессор Гулноза Жўраева маъруза қилиб, “Маромлилик” тушунчасининг мазмун-моҳиятини аниқ мисоллар орқали очиб берди. Қайд этилганидек, тўй ва маросимларнинг асл мақсади бойликни кўз-кўз қилиш ёки ўзаро рақобатга киришиш эмас, балки янги оилани қўллаб-қувватлаш, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва яқинлар ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, миллий анъаналарни маънавий мазмун билан давом эттиришдан иборатдир.

Тадбир давомида бугунги кунда айрим оилаларда тўй ва маросимлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар, қарзга ботиш, “одамлар нима дейди?” деган ижтимоий босим, ҳуда-беҳуда расм-русумлар, ҳашаматга берилиш каби ҳолатлар жиддий ижтимоий муаммоларга сабаб бўлаётгани аниқ мисоллар ва таҳлиллар орқали кўрсатиб берилди. Таъкидландики, баъзи ҳолларда бир кунлик дабдабали маросим учун сарфланган маблағ ёш оиланинг уй-жой, таълим, касб-ҳунар, тадбиркорлик ёки фарзанд тарбияси билан боғлиқ муҳим эҳтиёжлардан устун қўйилмоқда. Бу эса оилавий барқарорликка, ёшларнинг келажак режаларига ва жамиятдаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатётир.
Семинар-тренингда тўй ва маросимларни тартибга солишга оид амалдаги ҳуқуқий асослар ҳам тушунтирилди. Хусусан, 2019 йил 14-сентабрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарор ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 192-моддаси мазмуни ҳақида маълумот берилди. Мазкур модда талабларига кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига риоя этмаслик ҳолатлари учун фуқаролар, тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари жавобгарликка тортилиши мумкинлиги белгиланган.
Амалдаги тартибга мувофиқ тўй ва маросимларни бир кун давомида соат 06:00 дан 23:00 гача ўтказиш, оилавий тадбирларда меҳмонлар сонини меъёрида белгилаш, никоҳ билан боғлиқ тадбирларда ортиқча автомашиналардан фойдаланмаслик, тўйхона, ресторан ва санъаткорлар билан шартнома асосида ишлаш каби талаблар ёшларга тушунтирилди.
Шунингдек, “Marry me”, “Love story” каби тадбирлар, ортиқча карнай-сурнайлар, дабдабали кортежлар, тўйдан олдин ва кейин ўтказиладиган кераксиз қўшимча маросимлар, “келин чақирди”, “куёв чақирди”, “қуда чақирди”, “сеп ёйди”, “тоғора юбориш” каби дабдабали расм-русумларнинг оилаларга иқтисодий ва маънавий юк бўлаётгани қайд этилди.Тадбирда “маромлилик” фақат тўй харажатларини қисқартириш эмас, балки жамиятда маънавий меъёр, масъулият ва онгли танлов маданиятини шакллантириш экани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, оилавий ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларда молиявий саводхонлик, ҳуқуқий маданият ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш муҳим вазифа сифатида кўрсатилди.
Семинар-тренинг давомида хорижий тажрибалар ҳам таҳлил қилинди. Жумладан, Швециядаги “логом”, яъни “на ортиқча, на кам, меъёрида” тамойили, Жанубий Кореядаги “Смалл Шеддинг” – кичик тўй ҳаракати, Япония ва Германиядаги амалий, ихчам ҳамда молиявий масъулиятга асосланган ёндашувлар мисол тариқасида келтирилди. Ушбу тажрибалар орқали маросимнинг қадр-қиммати унга сарфланган маблағ билан эмас, балки унинг маънавий мазмуни, самимияти ва оила келажагига хизмат қилиши билан белгиланади, деган фикр илгари сурилди. Тадбирда “Маромийлик” ҳаракатини кенг тарғиб қилишда таълим муассасалари, маҳалла, нуронийлар, ФҲДЁ органлари, ички ишлар профилактика инспекторлари, ёшлар ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлиги муҳим экани қайд этилди. Айниқса, олий таълим муассасаларида, мактабларнинг юқори синфларида, лицей, коллеж ва техникумларда махсус тушунтириш дастурларини йўлга қўйиш, ёшлар ўртасида “энг ибратли камхарж тўй” каби ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги билдирилди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ёш оилалар, талабалар ва тадқиқотчилар тўй ва маросимларда ортиқча дабдаба ўрнига илм, таълим, уй-жой, тадбиркорлик ва оилавий барқарорликка маблағ йўналтириш жамият учун анча фойдали эканини яхши тушуниб етдилар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uBe6w9mwJlY" title="Ortiqcha dabdaba va hashamatdan voz kechish davri keldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов (видео), ЎзА