Ўрта Чирчиқда туризм ривожланмоқда (+видео)
Ўрта Чирчиқ туманида сўнгги йиллар туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу эса туманнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хизматлар соҳасини ривожлантиришда муҳим омил бўляпти.
Таҳлилларга кўра, ҳозир туманда сайёҳлар учун 28 та хизмат кўрсатиш манзиллари фаолият юритади. Улар 198 та хона ва 616 та ўринга эга. Мазкур объектларнинг асосий қисмини экотуризм ва қишлоқ туризми йўналишидаги оилавий меҳмон уйлари ташкил этади. Шунингдек, 3 та дам олиш маскани, 3 та хостел, меҳмонхона ҳамда санатория-пансионат сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.
Аслида Ўрта Чирчиқ нафақат табиий манзаралари, балки бой тарихий-маданий мероси билан ҳам сайёҳларни ўзига жалб этади. Туманда давлат муҳофазасига олинган 11 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларнинг 7 таси археология ёдгорликлари ва 4 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. Айниқса, Обод маҳалласида жойлашган “Кўк булоқ ота” зиёратгоҳи ҳамда Олтиўғил маҳалласи ҳудудидаги Тошкент денгизи соҳилида жойлашган “Киндиктепа” археология ёдгорлиги маҳаллий ва хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Туманнинг туристик жозибадорлигини ошираётган энг муҳим омиллардан бири бу халқ орасида “Тошкент денгизи” номи билан машҳур Туябўғиз сув омборидир. Сўнгги йилларда мазкур ҳудудда туристларга хизмат кўрсатиш сезиларли даражада ривожланди. Айниқса, ёз фаслида чўмилиш мавсуми бошланиши билан сув омбори атрофи маҳаллий сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган манзиллардан бирига айланмоқда. Соҳил бўйида ташкил этилган дам олиш масканлари, оилавий ҳордиқ чиқариш имкониятлари, балиқ овлаш ва экотуризм хизматларининг кенгайиб бораётгани туристлар оқимининг йил сайин ортишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда “Тошкент денгизи” нафақат дам олиш жойи, балки Ўрта Чирчиқ туманининг ўзига хос туристик бренди сифатида шаклланиб бормоқда. Бу ерга ташриф буюрувчилар сонининг кўпайиши хизмат кўрсатиш соҳаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига ҳам туртки бермоқда.
Туман туризм соҳасидаги ўсиш суръатлари инвестиция лойиҳалари мисолида ҳам яққол кўзга ташланади. Жорий йилда Бургалик маҳалласидаги “GOLDEN FISH” МЧЖ томонидан қиймати 32 миллиард сўмлик замонавий дам олиш маскани ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, Олтиўғил маҳалласида “TEXTILE MILL TASHKENT” ҳамда “ZELAL TEXTILE” корхоналари томонидан ҳар бири 25 миллиард сўмлик дам олиш масканлари барпо этилмоқда. Бундан ташқари, “Ташвегас” МЧЖ томонидан меҳмонхона, экстремал туризм ва балиқ овини қамраб олган замонавий туристик мажмуа лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудда туристик инфратузилмани янада яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, хизматлар турини кенгайтириш ва сайёҳлар учун янада қулай муҳит шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Статистик маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида туманга 12 минг 284 нафар хорижий ва 50 минг 491 нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Маҳаллий туристлар бўйича белгиланган режа 115 фоизга бажарилган. Шу даврда туризм хизматлари экспорти 900 минг АҚШ долларига етказилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qXwkV9ValPQ" title="O`rta Chirchiqda turizm rifojlanyapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, охирги йилларда туристлар оқими изчил ошиб бораётгани ҳам эътиборга молик. Хусусан, 2023 йилда туманга 41 минг нафар маҳаллий ва 13 минг нафар хорижий сайёҳ келган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич мос равишда 42,1 минг ва 24,5 минг нафарга етган. 2025 йилда эса маҳаллий туристлар сони 46,3 минг нафарни, хорижий туристлар эса 36,8 минг нафарни ташкил этган. Бу рақамлар Ўрта Чирчиқнинг туристик салоҳияти йилдан-йилга юксалиб бораётганини кўрсатади. Эътиборлиси, бу йил биргина апрель ойининг ўзида туманга 815 нафар хорижий, 15 минг 302 нафар маҳаллий сайёҳ ҳамда 5 минг 521 нафар ички туризм иштирокчиси келган. Бу эса туризм соҳаси иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айланиб бораётганини, хизматлар бозори ривожи ва аҳоли даромадларининг ошишига муносиб ҳисса қўшаётганини кўрсатади.
[gallery-30100]
Умуман олганда, тарихий мерос объектлари, табиий ресурслар, “Тошкент денгизи” каби йирик туристик манзиллар ҳамда амалга оширилаётган янги инвестиция лойиҳалари Ўрта Чирчиқ туманини Тошкент вилоятининг энг истиқболли туризм ҳудудларидан бирига айлантирмоқда. Бу эса келгусида ҳудуд иқтисодиётининг янада ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши ва туристик хизматлар экспорти ҳажмининг ортиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари