Оромгоҳда қувонч ва орзуларга бой янги мавсум бошланди
Қувончга тўла болалик онлари, беғубор табассумлар, янги дўстликлар ва эзгу орзулар сари қадамлар... Сирдарё тумани “Шоликор” маҳалласида жойлашган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёзги мавсумнинг бешинчи сменаси ана шундай кўтаринки руҳда бошланди.
Бешинчи мавсумнинг очилишига бағишланган тадбир болаларнинг шодон кулгиси, самимий қувончи ва ёрқин кайфияти билан янада файзли ўтди. Бу ердаги муҳитдан ҳар бир боланинг мазмунли дам олиши, янги билим ва таассуротларга эга бўлиши учун барча шароитлар яратилгани яққол намоён бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилнавоз Саидова, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармасининг масъул ходими Ғулом Жумабеков, касаба уюшмалари тизими ходимлари, оромгоҳ маъмурияти, бешинчи мавсум иштирокчилари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Тадбир давомида таъкидланганидек, мамлакатимизда ёш авлоднинг соғлом, билимли ва баркамол бўлиб вояга етиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, болаларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки болалик даврида орттирилган таассуротлар, шаклланган кўникмалар ва олинган билимлар келажакда муҳим ҳаётий тажрибага айланади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан 2023–2025 йилларда тубдан реконструкция қилинган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бугун замонавий инфратузилмага эга, болалар учун барча қулайликлар яратилган масканлардан бири ҳисобланади.
Оромгоҳда болаларнинг хавфсиз ва мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча зарур имкониятлар мавжуд. Замонавий ётоқхоналар, санитария-гигиена хоналари, тиббий хизмат кўрсатиш хоналари, изолятор, 450 тонна сув сиғимига эга сузиш ҳавзаси, футбол, волейбол ва баскетбол майдонлари, югуриш йўлаклари болалар ихтиёрига топширилган.
[gallery-30768]
— Биз ҳар бир бола ўзини хавфсиз, қадрланган ва бахтли ҳис қиладиган муҳит яратишни мақсад қилганмиз. Оромгоҳда болалар нафақат дам олади, балки ўз қобилиятини намоён этиши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши учун ҳам кенг имкониятларга эга, — дейди оромгоҳ директори Улуғбек Тўрақулов.
Оромгоҳ кутубхонасида 3 мингдан ортиқ янги ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари жамланган. “Библиобус” лойиҳаси ҳам болаларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, турли маданий-маърифий тадбирлар, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақалари уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Болалар саломатлиги ва сифатли овқатланиши ҳам доимий эътибор марказида. 200 ўринли ошхона санитария талабларига тўлиқ жавоб беради. Замонавий омборхоналар, музлаткичлар ва нон маҳсулотлари тайёрлаш цехи мавжуд. Оромгоҳ ҳудудида етиштирилган мева-сабзавотлардан фойдаланган ҳолда болалар учун витаминларга бой, сифатли ва мазали таомлар тайёрланади.
Хавфсизлик масалалари ҳам устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Оромгоҳ ҳудудида 96 та кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, Ички ишлар органлари, Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган. Биноларда ёнғин хавфсизлиги тизимлари, ўт ўчириш воситалари ва эвакуация схемалари мавжуд.
Жорий мавсумда оромгоҳда касаба уюшмалари тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг 6 ёшдан 13 ёшгача бўлган фарзандлари мазмунли ҳордиқ чиқармоқда.
Болалар учун ҳар бир кун алоҳида дастур асосида ташкил этилмоқда. “Энг билимдон бола”, “Заковат” каби интеллектуал танловлар, шахмат-шашка беллашувлари, югуриш, сузиш ва бошқа спорт мусобақалари ўтказилиб, уларнинг ақлий ва жисмоний салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
“Сирдарё” оромгоҳида бошланган бешинчи мавсум болалар учун янги дўстликлар, унутилмас таассуротлар ва ёрқин хотираларга бой кунларнинг ибтидоси бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА