Оролбўйидаги ННТ фаол вакиллари тақдирланди
Нукусдаги “Дўстлик уйи”да Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунга келиб мамлакатимиз бўйича 9 мингдан зиёд, шу жумладан Оролбўйида 602 та нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда.

Келгуси беш йилликда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш, улар эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароит яратиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари янада такомиллаштирилади. Фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишлардаги ишларни янада фаоллаштириш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат раҳбари томонидан тасдиқланган 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартиби соддалаштирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Жамоат фондига ажратиладиган маблағларни босқичма-босқич ошириб бориш, уларни тегишли равишда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, бандлик, ижтимоий хизматлар, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги ва бошқа инфратузилмалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ижтимоий буюртмаларга йўналтириш белгилаб қўйилган.
Тадбир якунида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол вакиллари фахрий ёрлиқ ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА