Оролбўйида халқаро илмий экспедиция иш бошлади
Оролбўйи халқаро инновация марказида Хитой Халқ Республикаси олимлари иштирокида Орол денгизининг қуриган тубига уюштириладиган навбатдаги халқаро экспедиция режалари муҳокама қилинди.
Оролбўйи халқаро инновация маркази (IICAS) Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти (XIEG) билан ҳамкорликда кенг қамровли халқаро илмий экспедиция бошланганини эълон қилди. Ушбу йирик тадқиқот Орол денгизининг қуриган тубини қамраб олиб, Хитойнинг етакчи олимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ҳамда минтақанинг етакчи олий таълим муассасалари вакилларини бирлаштиради. Экспедиция жорий йилнинг 10 майигача давом этади.
Экспедициянинг асосий мақсади Орол денгизининг қуриган тубида содир бўлаётган экотизим ўзгаришларини ҳар томонлама ўрганишга қаратилган комплекс илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳисобланади. Ушбу жараён тупроқ ҳолатини мониторинг қилиш, биологик хилма-хилликни баҳолаш ҳамда ҳудуд флорасига оид маълумотларни тизимлаштиришни ўз ичига олади. Асосий вазифалардан бири Оролбўйи флорасининг ноёб Атласини яратиш учун илмий асос шакллантириш бўлиб, у ҳудудда яшил қопламани тиклаш ва барқарор ривожлантириш бўйича самарали чораларни ишлаб чиқишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу экспедиция мамлакат ҳукумати томонидан Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган, минтақа экотизимини тиклаш ва Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик инқироз оқибатларини юмшатишга қаратилган изчил сиёсат доирасида амалга оширилмоқда.
Тадқиқотнинг асосий йўналишлари тупроқ таркибини ўрганиш, минерал қатламлар ва туз кўчиши жараёнларини таҳлил қилишдан иборат. Олимларнинг таъкидлашича, Орол тубидан кўтарилган чанг нафақат қўшни ҳудудларга, балки Хитой ва Европанинг узоқ минтақаларигача етиб боради. Дала тадқиқотлари давомида тўпланган маълумотлар экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича стратегик давлат қарорларини қабул қилиш учун илмий асос бўлиб хизмат қилади.
Икки давлат олимларининг ҳамкорлиги нафақат мавжуд ўзгаришларни қайд этиш, балки чўлланишга қарши кураш бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Мазкур мулоқот томонлар ўртасидаги узоқ муддатли илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда Оролбўйи минтақасида қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.