Оролбўйида спорт мутахассисларини тайёрлаш маскани
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги қарори асосида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шароит яратиш, халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этадиган ёшларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиали ташкил этилган.
Филиал очилган йили бу ерда фақат кундузги бўлимга етти мутахассисликка 50 нафар талаба қабул қилинган бўлса, бугунги кунда кундузги, сиртқи таълим йўналишларида 30 мутахассисликда 1 минг 576 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар орасида 52 нафар терма жамоа аъзоси, 34 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 97 нафар Ўзбекистон спорт устаси, 258 нафар спорт усталигига номзод ва 366 нафар спорт разрядига эга талаба бор.

Филиал битирувчилари Зайнаб Дайибекова ва Шаҳзода Ибрагимова Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси таркибида иштирок этди. Энг қувонарлиси Зайнаб Дайибекова Ўзбекистон Республикаси делегациясининг байроқдори бўлди.

Шунингдек, Мадияр Данияров 2025 йилнинг 1-5 апрель кунлари Бразилия давлатида бокс бўйича Жаҳон кубогида -60 килограмм вазнда бронза медали ва 2025 йил Саудия Арабистонининг Ар-риёд шаҳрида ўтказилаётган VI Ислом бирдамлик ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида олтин медални қўлга киритди.

Бундан ташқари Лаззат Тўлепбергенова, Моҳира Аҳмедова, Ойбек Қайпанов, Нурила Абдуалиева, Шаҳзода Азатова, Шаҳзода Алланиязова, Шерзод Нуриллаев, Комила Болтаева, Самира Аҳмедова, Азада Балтабаeва, Дониёр Тенелбаев, Санжар Сарсенбаев, Айнур Қалмуханова, Рахат Жолдасбаев, Сарбиназ Сапарбаева, Дилфуза Ибраимова, Гулзада Турганбаева халқаро спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Республиканинг чекка ҳудудларида бадиий гимнастика спортини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали ташаббуси билан Нукус туманидаги 19-сонли умумтаълим мактабида “Ш.Ибрагимова спорт маҳорати тўгараги” ташкил этилди ва зарур инвентарлар билан таъминланди. Филиалнинг бадиий гимнастика мутахассислиги профессор-ўқитувчилари ва талаба-қизлари томонидан маҳорат тўгарагида шуғулланаётган бадиий гимнастикачи қизларга маҳорат дарслари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Филиалда талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақалари, хусусан “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Талабалар лигаси” ҳамда “Директор кубоги” мусобақалари ўтказиб келинади. Бугунги кунда 88 нафар профессор-ўқитувчи талабаларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Жами илмий даража ва унвонларга эга профессор-ўқитувчилар сони 39 нафар, улардан 3 нафари фан доктори (DSc), 19 нафари фан номзоди ва фалсафа доктори (PhD), шундан 5 нафари профессор, 25 нафари доцент бўлиб, илмий салоҳият 44,3 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2025/2026 ўқув йилида 5 нафар талаба давлат стипендиялари танлови ғолиби деб топилди. Хусусан, “Велоспорт” йўналиши 4-курс талабаси Д.Акманова Президент стипендияси, “Бадиий гимнастика” йўналиши 4-курс талабаси Н.Бахауатдинова Ибройим Юсупов номидаги давлат стипендияси, “Қўл тўпи” йўналиши 4-курс талабаси А.Дарябаева Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси, “Бадиий гимнастика” йўналиши 3-курс талабаси М.Хожамбергенова Тўлепберген Қайипбергенов номидаги давлат стипендияси ва “Бадиий гимнастика” йўналиши 3-курс талабаси А.Парахатова Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияси ғолиблари бўлди.
– Президентимиз раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан жорий йил апрель ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 207 та олийгоҳ ректорларига Термиз давлат университетининг тажрибасини ўргатиш ва спорт бўйича бир йиллик режа ишлаб чиқиш топширилган эди. Бу бўйича олий ўқув юртимизда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Жумладан, “Орол” спорт клуби ташкил этилиб, унда 903 нафар талаба 20 спорт тури бўйича қамраб олинган, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали директори, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор Байрамбай Еримбетов.
Ҳозирги кунда филиалнинг 15 нафар талабаси волейбол, гандбол, стол тенниси, академик эшкак эшиш, юнон-рум кураши, парабадминтон, парапауэрлифтинг спорт турлари бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзолари ҳисобланади.
Ҳозирда талабалар гандбол, эшкак эшиш, волейбол, бадиий гимнастика, бокс, парапауэрлифтинг, парабадминтон спорт турлари бўйича 2028 йил АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.