Оролбўйида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Оролбӯйида ташкил этилган “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Д.Каримов “Келажак лидерлари” клуби аъзоларини табриклади ва келажакда уларнинг ўз билим ва салоҳияти билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишига қатъий ишонч билдирди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 27 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида истеъдодли ва иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, истиқболли кадрлар селекцияси орқали ҳудудларда юқори малакали давлат фуқаролик хизматчилар қатламини ва янги авлодлар орасидан кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди.

Бир неча босқичли танловлар орқали саралаб олинган энг иқтидорли, истиқболли ёшлар клуб аъзолигига қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА