Оролбўйида ғалла ўрим-йиғими бошланди
Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида ғалла ўрим-йиғими олдидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, ғалладан баланд хирмон яратилишига тилак билдирди.

Тадбир аввалида нуронийлар томонидан деҳқонларимизнинг олдида турган машаққатли ва масъулиятли ишларида куч-қувват, юртимизда тўкин-сочинлик, дастурхонимиз тўкин бўлишини тилаб, Қуръон тиловат қилинди ҳамда ўрим-йиғим мавсумида амалга ошириладиган ишлар юзасидан кенг тушунчалар берилди.
Таъкидлаш жоизки, бу йил деҳқон ва фермерларимиз учун “ғалла йили” бўлди десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки кўп йиллик тажрибадан маълумки, баҳор ойларида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши ҳамда ғалла ўсиб ривожланиши учун об-ҳавонинг оптимал келиши ҳосилнинг мўл бўлишига ижобий таъсир кўрсатди.
Етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олиш бўйича талаб этиладиган маблағларнинг ҳисоб-китоби ишлаб чиқилди. Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида отрядлар тузилиб, уларга махсус техника ва агрегатлар бириктирилди. Ёқилғи-мой материаллари захираси яратилди.
Кўргазмали семинар якунида ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича тегишли вазифалар белгилакб олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири