English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйида фитосанитария барқарорлиги таъминланади

Қорақалпоғистон Республикасида фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш, зарарли организмлар тарқалишининг олдини олиш, экспортбоп маҳсулотлар сифатини назорат қилиш ҳамда аграр соҳада рақамлаштириш жараёнларини жорий этиш бўйича Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ўтган йилда кенг кўламли ва тизимли ишлар амалга оширилди.

– Йил давомида қишлоқ хўжалиги экин майдонларида 5 маротаба “Долзарб кунлик” тадбири эълон қилиниб, жами 1 миллион гектардан ортиқ майдонда, шу жумладан фермер хўжаликларига тегишли қарийб 920 минг гектар ерда давлат инспекторлари томонидан дала мониторинги ўтказилди. –дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Ринат Шербаев.

– Боғ-токзорлар, сабзавот, ғалла ва ғўза майдонларида зарарли ҳашаротлар, касалликлар ва бегона ўтларга қарши уйғунлашган кураш (IPM) тизимини қўллаш бўйича семинарлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда фермерлар, деҳқонлар ва таълим муассасалари тингловчиларига IPM усуллари бўйича амалий тушунтиришлар берилиб, тарғибот материаллари тарқатилди. Ер эгаларига яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 172 нафар ходим маҳаллаларга бириктирилиб, “Agroko‘makchi” мобил иловаси орқали 51 турдаги экин учун уйғунлашган кураш бўйича тавсиялардан фойдаланиш тарғиботи олиб борилди.

Ҳудудда биологик ҳимоя усулларини кенг жорий этиш ва хусусий сектор фаоллигини ошириш мақсадида 64 та биолаборатория ва 41 та ўсимлик клиникаси фаолиятига амалий кўмак берилди.  

Биолабораторияларда етиштирилган фойдали энтомофаглар 1,2 миллион гектардан ортиқ майдонда тарқатилди. Шунингдек, биолабораторияларга молиявий ёрдам берувчи, хонадонларда мавсумий шохобчалар ва аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатувчи отрядлар ташкил этилишига кўмаклашилди.

Фитосанитария ҳужжатларини рақамлаштириш йўналишида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Минглаб халқаро ва ички фитосанитария сертификатлари, карантин кўриги ва зарарсизлантириш далолатномалари электрон тарзда расмийлаштирилди. Импорт қилинган маҳсулотлар карантин рухсатномалари асосида қатъий назорат қилинди.

Экспорт ва импорт назорати алоҳида эътиборда бўлиб, экспорт қилинаётган маҳсулотлар намуналари экспертизадан ўтказилганида карантин объектлари аниқланмади. Зарарсизлантириш (фумигация) ишлари катта ҳажмда амалга оширилди (296,955 минг м.куб ва 631,980 минг м.кв) ва импорт маҳсулотларда қайтариш ёки йўқ қилиш ҳолатлари кузатилмади.

Зарарли чигирткага қарши кураш тадбирлари ҳам кенг кўламда олиб борилиб, 76,72 минг гектар майдонда кимёвий ишлов амалга оширилди. Бу орқали экин майдонлари зарарланишининг олди олинди.

Экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор корхоналарни Хитой реестрига киритиш чоралари кўрилиб, маҳсулотларни Хитой бозорига экспорт қилиш имкониятлари яратилди. Маҳсулот етиштирувчилар, тайёрловчилар ва экспортчилар иштирокида қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилди ҳамда улар “Edukarantin.uz” платформаси орқали ўқитилди.

Суғориладиган ерларда тупроқ таҳлиллари ўтказилиб, агрокимёвий электрон хаританомалар ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Agroko‘makchi” ва янги “Дала назорати” электрон тизимлари орқали зарарли организмларни олдиндан аниқлаш ва фермерларга тезкор ахборот бериш механизми жорий этилди.

Кўргазмали семинарлар, дарахт экиш тадбирлари, маҳаллаларга ходимларни бириктириш ва тадбиркорлар билан ҳамкорлик ишлари ҳам тизимли равишда ташкил этилди. “E-Fitouz” ахборот тизимининг “Геоахборот” тизими билан интеграцияси амалга оширилди. Шу билан бирга, лицензиялаш жараёнлари тартибга солиниб, мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.  

Фитосанитария лабораторияларида 10 минг 257та намуна текширилиб, зарарли организмлар аниқланган ҳолатларда тегишли хулосалар берилди.

Умуман олганда, амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасида фитосанитария барқарорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини зарарли организмлардан ҳимоя қилиш, экспортбоп маҳсулотлар сифатини кафолатлаш ва аграр соҳада замонавий рақамли ечимларни жорий этишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилги режалар сифатида IPM тизимини янада оммалаштириш, биологик ҳимоя воситаларини қўллаш ҳудудини кенгайтириш, “Дала назорати” ва “Agroko‘makchi” тизимларини янги функциялар билан бойитиш режалаштирилган. Шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш занжирида фитосанитария назоратини кучайтириш, лаборатория имкониятларини модернизация қилиш ҳамда инспекторларнинг малакасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.

Жумладан, жорий йилда қишлоқ хўжалиги экин майдонларида фитосанитария назоратини янада кучайтириш мақсадида “Долзарб кунлик” тадбирлари доирасида 1 миллион гектардан ортиқ майдонда тизимли дала мониторингини ўтказиш, IPM тизимини қўллаш бўйича семинарлар қамровини кенгайтириш ҳамда маҳаллаларга бириктирилган ходимлар орқали ер эгаларига жойида амалий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган. Шу билан бирга, “Agroko‘makchi” мобил иловасидан фойдаланишни оммалаштириш орқали 50 дан ортиқ экин тури бўйича уйғунлашган кураш тавсияларини фермер ва деҳқонларга етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, биологик ҳимоя усулларини кенгайтириш мақсадида биолабораториялар томонидан етиштириладиган энтомофаглар ҳажмини ошириш, уларни 1,2 миллион гектардан зиёд майдонда қўллаш, мавсумий шохобчалар ва аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатувчи отрядлар фаолиятини кенгайтириш режага киритилган.

Хусусий секторда ўсимлик клиникалари ва биолабораториялар сонини кўпайтириш орқали зарарли организмларга қарши биологик кураш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, фитосанитария назоратини рақамлаштириш ишларини мукаммаллаштириш, “Дала назорати” электрон тизими орқали зараркунанда ва касалликларни олдиндан аниқлаш амалиётини такомиллаштириш, агрокимёвий электрон картограммалар қамровини кенгайтириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар сифатини таъминлаш мақсадида корхоналарни халқаро реестрларга киритиш ишларини давом эттириш белгиланган.  

Фитосанитария лабораторияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам устувор вазифалар қаторига киритилган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири