Оролбўйида энергия тежамкорлигига эришилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари Чимбой туманидаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар ва аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панеллари самарадорлигини жойларга чиққан ҳолда ўрганишди.
Таъкидлаш жоизки, жойларда муқобил энергия манбаларининг ўрнатилиши ва уларнинг иш ҳолати божхона ходимлари томонидан мувофиқлаштирилиб борилмоқда. Тумандаги Кокши қалъа маҳалласида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бири ўз ҳудудига 50 кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатган. Мазкур объект муқобил энергия манбалари орқали ойига ўрта ҳисобда 1200-1500 кВт, йилига эса 15-18 мВт электр энергиясини ўз эҳтиёжи учун сарфламоқда. Шунинг натижасида ташкилот томонидан электр энергияси учун сарфланадиган йиллик 20-24 миллион сўм миқдорида пул маблағи иқтисод қилинишига эришилмоқда.

Тумандаги “Оржап” маҳалласидаги хонадонлардан бирига ўрнатилган 10 кВтлик қуёш панеллари орқали йилига 3-3,5 мВт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур “яшил энергия”нинг тенг ярми хонадоннинг эҳтиёжи учун тўлиқ етарли бўлиб, қолган қисми тармоқ орқали давлатга сотилиши ҳам таъминланмоқда. Бу эса хонадон эҳтиёжи учун зарур бўлган электр энергиясига кетадиган ҳаражат иқтисод бўлишидан ташқари, оилага йиллик 2-3 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад ҳам олиб келмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири