Оролбўйи болаларига бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда
Жорий йилнинг май ойида Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан Туркиянинг нуфузли тиббиёт клиникаларидан жалб этилган малакали мутахассислар Нукус шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт маркази Оролбўйи клиникасида бўлиб, эҳтиёжманд оила фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказган эди.
Лойиҳанинг асосий мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи бўлган болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. “Соғлом келажак” акцияси доирасида ташкил этилган ушбу тиббий кўриклар натижасида танлаб олинган 100 нафар бемор болага ўтган кундан бошлаб шу ернинг ўзида мураккаб жарроҳлик амалиётлари бошланди. Бу эса ўз навбатида маҳаллий шифокорлар учун “маҳорат дарси” ҳам ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати, ушбу хайрия акцияси Жамоат фонди томонидан тўлиқ молиялаштирилиб, аҳоли учун бепул тарзда амалга оширилмоқда. Эндиликда бемор болажонларни хорижга чиқиб, даволанишларига эҳтиёж қолмаяпти.

Албатта, бундай тажриба, қолаверса, ушбу маблағларнинг Жамоат фонди томонидан қоплаб берилиши том маънода “Инсон қадри учун” деган тамойилининг нечоғлик юксак қадрият эканлигини амалда кўрсатиб бермоқда.
Иккинчи куни жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиққан турк шифокорлари ҳузурига келган бемор болалар ва уларнинг ота-оналари қувончини кўзларидан англаш қийин эмас. Жарроҳлик амалиётлари жорий йилнинг 8 июлига қадар давом этиши режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири