Орол маданияти саммити бошланди
Нукусда илк бор ўтказилаётган Орол маданияти саммити ўз ишини бошлади. Ушбу кенг кўламли тадбирда таниқли экспертлар, олимлар, маданият ва экология ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббусида ўтказилаётган саммитнинг мазмун-моҳиятига тўхталди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган мазкур саммит санъат, маданият, дизайн ва илм-фан орқали мулоқот ва ҳаракатни ривожлантиришга қаратилган. Орол маданият саммити (ACS) Орол денгизи инқирози ва глобал иқлим муаммоларини ҳал қилишнинг барқарор ечимларини ўрганиш ва амалга ошириш мақсадида икки шаҳардаги етакчи маданият арбоблари, сиёсатчилар, рассомлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги экспертларни бирлаштиради. Тадбир Самарқандда минтақа ва Европа давлатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтаётган Ўзбекистоннинг экологик ва ижтимоий ривожланиш бўйича минтақавий ҳамкорликка содиқлигини мустаҳкамлайдиган биринчи Глобал иқлим форуми доирасида очилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Саммит резиденциялар, лабораториялар, семинарлар, кўргазмалар ва фестивалларни ўз ичига олган ташаббуслар орқали Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон минтақасида инновациялар ва ижобий ўзгаришларни амалга оширишга интилади. Шунингдек, саммит минтақа атроф-муҳитини қайта тиклаш ва жонлантириш, шу билан бирга, сиркуляр иқтисодиёт тамойилларига мос келадиган янги корхоналарни жалб этиш, барқарор иқтисодий ўсишни яратишга қаратилган. Лойиҳа 2023 йил март ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТнинг Сув конференцияси чоғида расман эълон қилинган. У жаҳон ҳамжамияти эътиборини Оролбўйининг экологик ва маданий муаммоларига қаратишда муҳим қадам бўлди.
– Орол маданият саммити бу ўзгаришлар учун майдон ва минбардир. Маданий мулоқотни иқлим кун тартиби билан уйғунлаштириш орқали биз санъат узоқ муддатли барқарор ривожланишга бўлган жамоавий интилишларимизга ҳисса қўшишини кафолатлаймиз. Бизнинг “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити” ва Глобал иқлим форуми билан ҳамкорлигимиз атроф-муҳит ўзгаришини рағбатлантиришда маданиятнинг залварли ўрин эгаллашини таъкидлайди, – дейди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.
[gallery-22674]
Саммит доирасида “Иқлим ўзгариши диққат марказида: жамоавий ҳаракатлар орқали келажакни шакллантириш”. “Маданият, меъморчилик ва мерос: иқлим ҳаракатига туртки ясовчи кучли омиллар”, “Барқарорликдан ташқари: келажакни табиат, санъат ва технологиялар билан лойиҳалаштириш”, “Қишлоқ хўжалигини маданият сифатида парваришлаш” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Саммит ўз ишини давом эттирмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.