Орол бераётган сабоқ
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида, “Бизга нафақат қарор қабул қиладиган, балки қарорларни амалга оширишга қодир бўлган БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак”, деган фикрни илгари сурди.
Бу бугунги дунё олдида турган кўплаб муаммоларга муносабатни белгилаб берадиган муҳим ғоядир. Чунки муаммоларни муҳокама қилиш, қарорлар қабул қилиш ва резолюциялар билан чекланиб қолишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими — қабул қилинган қарорлар ҳаётда ўз ифодасини топиши, одамлар ҳаётига ҳақиқий таъсир кўрсатиши ва муаммоларнинг амалий ечимига хизмат қилиши лозим.
Саида Мирзиёева ана шу нуқтаи назардан Орол фожиасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. У Орол денгизининг қуришини фақат табиий офат билан изоҳлаб бўлмаслигини, унинг ортида ўн йиллар давомида қабул қилинган нотўғри қарорлар ва табиатга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиш оқибати борлигини таъкидлади.
Қорақалпоғистон учун бу фикрнинг мазмуни янада чуқур. Чунки Орол фожиаси биз учун халқаро минбарларда тилга олинадиган оддий экологик масала эмас. Бу — халқимизнинг бошидан кечирган тарихи, бугунги ҳаёти ва келажак авлод тақдири билан бевосита боғлиқ ҳақиқат.
Бугун қуриган денгиз тубида яшил ҳудудлар яратилаётгани, сув тежовчи технологиялар жорий этилаётгани, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайтирилаётгани ана шу амалий ёндашувнинг ифодасидир. Орол фожиаси энди фақат унинг оқибатларини бартараф этиш масаласи эмас. У бутун инсоният учун катта сабоқ. Табиатга муносабат, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизлик ва келажак авлод олдидаги масъулият чегараларни тан олмайди.
Шунинг учун бугун бизга Орол ҳақида яна бир бор гапиришнинг ўзи эмас, сўздан амалий ҳаракатга, қарордан натижага ўтиш муҳим. Саида Мирзиёеванинг фикрлари айнан шуни англатади: халқаро ҳамжамият муаммоларни нафақат ёзиб оладиган, балки уларни ҳал этиш учун биргаликда ҳаракат қиладиган кучга айланиши керак.
Қорақалпоғистон учун эса Оролбўйи келажаги – алоҳида масъулият. Биз Орол фожиасини нафақат ўтмишдаги офат сифатида, балки ундан тўғри хулоса чиқариб, келажакни ўзгартиришга ундайдиган сабоқ сифатида кўришимиз керак. Чунки Орол бизга қарорларнинг қадрини эмас, уларнинг натижасини кутаётган авлод борлигини эслатиб туради.
Нурлибай Қайпбергeнов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг раиси
ЎзА