Ўқувчини баҳолашда нималарга эътибор қаратиш лозим?
Кўпчилик бошланғич синф ўқитувчиларининг ишини нисбатан осон деб ўйлайди. Бу “осон”ни болаларнинг ёши кичиклиги, ўқитувчига гап қайтармай, тез айтанини қилиши билан асослашади.
Бу йилги карантин шароитида фарзандлари билан ҳар куни дарс қилишга мажбур бўлган ота-оналар биз бошланғич синф ўқитувчиларига енгил эмаслигини кўп бора таъкидлашди.
Ҳар бир юмушнинг мураккаблиги, ўзига яраша масъулияти, шарафи бўлади. Кўп йиллардан буён Зангиота туманидаги 13-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Аслида биз танлаган йўлни, ишини енгил деб бўлмайди. Тажрибамдан келиб чиқиб, биргина ўқувчиларни баҳолаш билан боғлиқ ҳолатда юзага келадиган муаммолар ҳақида гапирмоқчиман.
Баъзи ҳамкасбларимиз ўқувчиларни кўпроқ эркалатиб, баҳосини баъзи ўринларда ошириб қўйади. Бу усул ўқувчига рағбат беради, лекин уни ҳуда-беҳуда рағбатлантиравериш тескари таъсир кўрсатади. Кўп ҳолларда ўқувчига ўринли пастроқ баҳо қўйилса, уларнинг ота-оналари эътироз билдиради. Бу ҳам нотўғри.
Бошланғич синфда ўқувчиларни билимига яраша баҳо олишга кўниктириб бориш ҳам осон кечмайди. Баъзи аълочилар билмасдан хато қилиб қўйса, унга паст баҳо қўйсангиз тушкунликка тушади. Оқибатда ўзлаштиришида муаммолар юзага келади. Шунинг учун баҳолашда “олтин ўрталик”ни топиш, бола психологиясини билиш жуда муҳим.
Ўқитувчи болани баҳолаш билан руҳлантириб, ҳаракатчанлигини оширар экан ўта синчиков бўлиши лозим. Бу ўринда бола ўзлаштиришни иккинчи даражага қўйиб, баҳо олишни биринчига чиқариб қўймаслиги керак. Бола шу кайфиятда – ўринсиз аъло баҳо олишга кўникиб юқори синфга ўтса, таълимнинг кейинги босқичларида қийналади.
Меҳнат фаолиятимда яна бир жиҳатга кўп эътибор қиламан. Масала шундаки, кўп ота-оналар бошланғич синфда ўқийдиган фарзанди билан бирга дарс қилади. Бу жуда яхши. Фарзандининг ўзлаштириши билан қизиқиб, ўқитувчи билан ҳам тез-тез суҳбатлашиб туради. Лекин бола бешинчи – юқори синфга ўтиши билан ота-она бирга дарс қилишни тўхтатади. Бу яхши эмас. Бундай тез “узоқлашиш” боланинг ўзлаштиришига таъсир қилмай қўймайди.
Янги ўқитувчилар, янги фанлар, янги педагогик усуллар юқори синфга ўтган ўқувчини бироз саросимага солиб турган бундай пайтда уларни ёлғизлантириб қўймаслик керак.
Ўз-ўзидан кўринадики, таълим жараёни фидойиликни, ўзаро ҳамкорликда иш тутишни талаб қилади.
Абдуллаева Гулбаҳор,
бошланғич синф ўқитувчиси