Ўқувчиларнинг дарсларда фаоллигини ошириш муҳим
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан математика ва инглиз тили ўқитувчилари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
"Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш" мавзусидаги ушбу семинар-машғулотда математика ва инглиз тили ўқитувчилари иштирок этмоқда.

Мазкур тренинглар уч босқичли бўлиб, дастлабки босқич онлайн тарзда ташкил этилди ва унда 28 нафар педагог иштирок этди. Айни дамда семинарнинг иккинчи босқичига старт берилди ва унда 2 минг 800 нафар ўқитувчи қатнашмоқда.
Тренингларнинг учинчи босқичида эса 35 минг 422 нафар ўқитувчининг замонавий педагогик маҳоратини ошириш кўзда тутилган.

Тренингларнинг учинчи босқичи маҳаллий тренерлар томонидан туман (шаҳар) умумтаълим мактабларининг педагогларини қамраб олган ҳолда жорий йил якунига қадар ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур семинар-тренинглардан кўзланган мақсад Президент мактабларининг илғор тажрибаси билан ўртоқлашиш, устозларни замонавий методикалар, таълимдаги янгиликлар билан таништириш, ўқувчиларда ижодий ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир.

–Ўқувчиларни дарс жараёнида фаоллаштириш муҳим саналади, – деди Тошкент шаҳридаги Президент мактаби математика фани ўқитувчиси, педагог-тренер Малика Тоҳирова. – Семинар давомида ўқитувчиларга дарсга янгича ёндашув методлари ва лойиҳа ишларини ташкил этиш усуллари ўргатилди. Машғулотлар давомида қандай маърифий лойиҳаларни ўқувчиларга берсак, уларнинг дарсга қизиқиши янада ортади, жамиятга нафи кўпроқ тегади, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Математикани реал ҳаёт билан боғлаб ўргатишдек долзарб масала хусусида атрофлича фикр юритдик.
Бу йўналишдаги тренинглар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири