Ўқувчиларга ҳоким стипендияси топширилди
Сирдарё вилоятида иқтидорли ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали тенгқурларига намуна қилиб кўрсатиб, уларнинг ҳам ўқишга қизиқишини орттириш бўйича самарали усуллардан фойдаланилмоқда. Сирдарё вилояти ҳокими стипендиясининг таъсис этилиши бунинг ёрқин далилидир.
Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг тегишли қарори билан ўғил-қизларни умумтаълим фанларидан билим олишга бўлган иштиёқини ошириш, республика ва халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш бўйича вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари ўртасида “Энг билимдон ўқувчи фанлар олимпиадаси жорий қилинган. Унга кўра мактаб, туман босқичларида сараланиб, олимпиаданинг вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчиларга бир йил мобайнида вилоят ҳокимининг стипендияси тўлаб борилиши белгиланган.

Жорий йилнинг апрель ойида математика, физика, кимё, биология, инглиз тили ва информатика фанларидан “Энг билимдон ўқувчи” фанлар олимпиадаси ўтказилиб, ғолиблар аниқланган эди.
Шу тариқа стипендия соҳибларига вилоят ҳокими фармойиши билан маҳаллий бюджет захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан муайян тартибда белгиланган миқдорда вилоят ҳокими стипендияси бериш йўлга қўйилган.

Умумтаълим мактабларида II чорак ўқиш кунлари бошланиши билан стипендиялар ўз эгаларига топширилди. Стипендия топшириш тантанали тарзда ўтказилди. Иқтидорли ёшлар тенгдошларига ўрнак бўлиб, янада яхши ўқишга интилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА