Ўқувчилар шахмат мусобақасида беллашди
Андижонда “Креатив таътил” лойиҳаси доирасида ўқувчи ёшлар ўртасида шахмат мусобақаси бўлиб ўтди.
Ақл гимнастикаси ҳисобланган шахмат ўйини болаларнинг интеллектуал салоҳиятини, мантиқий фикрлаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини янада ривожлантиради.
Ўқувчи ёшларнинг ана шу йўналишдаги билим, маҳорат ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, шахматнинг оммавийлигини ошириш, қолаверса, қишки таътилни мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, вилоят шахмат федерацияси ҳамда Ўзбекистон Болалар ташкилоти вилояти бўлими ҳамкорлигида “Креатив таътил” лойиҳаси доирасида “UzChessKids” шахмат мусобақаси ўтказилди.
[gallery-21142]
Мусобақаларда шахматга қизиқувчи, 7 дан 17 ёшгача бўлган 600 нафардан зиёд ўқувчи турли ёш тоифаларида иштирок этиб, ўзларининг билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
– Ушбу мусобақа яқин кунларда ўтказиладиган республика чемпионати олдидан тайёргарлик вазифасини ўтади, – дейди мусобақа ғолибларидан бири Музаффар Тожибоев. – Мусобақада ўз имкониятларимизни яна бир бор синовдан ўтказдик, устозларимиздан зарур тавсия ва маслаҳатлар олдик. Энг асосийси шахматга қизиқадиган кўплаб янги дўстлар орттирдик.
Шахмат мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари