Ўқувчилар иштирокидаги спектакль
Мактаб ўқувчиларининг ўқув предметлари бўйича билимларини бойитиш, дарсдан ташқари бўш вақтларини тўғри ва унумли ташкил этиш масаласи бугунги кунда долзарб саналади.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 282-умумтаълим мактабида шу жиҳатларга катта эътибор қаратилмоқда. 2 минг 200 нафар ўқувчи таҳсил олаётган ушбу мактабда фан ва спорт-соғломлаштириш тўгаракларининг доимий тарзда йўлга қўйилгани диққатга сазовор.

Жумладан, ушбу мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Сарвиноз Маҳмудова болаларни дарсдан ташқари ўқув машғулотларига жалб этиш, улар иштирокида атоқли адибларнинг асарларини саҳналаштириш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда.
Яқиндагина ушбу мактабнинг 7-8-9-синф ўқувчилари иштирокида рус адиби Денис Фонвизиннинг “Нодон” (“Недоросль”) асари саҳналаштирилиб, мактаб жамоаси, ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Гарчи ушбу асар комедия жанрида бўлса-да, унинг замирида тарбия тўғри бўлиши кераклиги ва юксак ғоялар тарғиботига қаратилмоғи лозимлиги ўз ифодасини топган. Мактаб ўқувчилари иштирокидаги саҳна асари ёш томошабинларга манзур бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА