Ўқувчилар гилам заводига борди
Ургут ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиларининг бир гуруҳи тумандаги "YEC Gilam" масъулияти чекланган жамиятининг гилам ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги "Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш тўғрисида" ги фармонига асосан ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда синфдан ташқари касбга йўналтирилган амалий машғулотларни ташкил этиш вазифаси белгиланган. Шундан келиб чиқиб, агентлик тизимидаги таълим муассасалари ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Айни пайтда белгиланган келишувга асосан жойларда ихтисослашган мактабларнинг юқори синф ўқувчилари корхоналарда бўлиб, бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчилар учун яратилган шароитлар, тадбиркорларнинг фикрлари билан танишмоқда.
[gallery-11238]
— Бугунги кунда мактабимизда 371 нафар ўқувчи мавжуд,— дейди Ургут ихтисослаштирилган мактаби директори Наргиза Маматкаримова.– Уларнинг 100 нафари табиий фанлар, 271 нафари аниқ фанлар йўналишида таълим олмоқда. Жорий ўқув йилида муассасамизни 24 нафар ўқувчи битиради. Уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тайёгарлик жараёнларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, қизиқишларига қараб касбга йўналтириш ўқув-амалиётлари ҳам ўтказилмоқда. Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида туманимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари, "Ургут" эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Белгиланган режа асосида ўқувчиларимиз корхоналарга бориб, ишлаб чиқариш жараёнларини кузатиб, касбий кўникмасини шакллантириб бормоқда. Шунингдек, тадбиркорлар билан мулоқот қилган ҳолда иш юритиш сирларини ўрганмоқда. Ўқувчилар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
— Ҳар биримиз хонадонимизда фойдаланаётган гиламларни бизгача келгунга қадар қанча жараёндан ўтишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз, — дейди муассасанинг табиий фанлар йўналиши 9-синф ўқувчиси Жонпўлат Шерзодов. — Кўзни қувнатадиган гиламлар кўплаб инсонларнинг машаққатли меҳнати маҳсули экан. Жараён замонавий технологиялар асосида ташкил қилинган. Аммо барибир ишчи ходимлар томонидан яхшигина меҳнат қилинмоқда. Энг эътиборимни тортган нарса технологиянинг хорижники эканлиги, ишлаб чиқаришни бевосита чет эллик мутахассислар назорат қилиб бораётганлиги бўлди. Бундай ҳолатни кўплаб ишлаб чиқариш корхоналарида, ҳатто, ўзим қизиққан фармсаноатда ҳам кузатиш мумкин. Мен шундай хулосага келдимки, биз келгуси фаолиятимизни айнан ишлаб чиқариш жараёнлари учун зарур бўлган замонавий технологияларни яратиш борасида ишлашимиз зарур.
Ўқув-амалиёт машғулотлари давомида ўқувчилар корхона масъулларидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА