Ўқув-симуляция маркази очилди
Мамлакатимизда тез тиббий ёрдам ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар ўз самарасини беряпти.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган вилояти филиалида тантанали равишда очилган тез тиббий ёрдам ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган ўқув-симуляция маркази Корея Республикасининг халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси – “KOFIH” ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда шифохонагача тез тиббий ёрдам хизмати салоҳиятини ошириш” грант лойиҳаси натижасидир.

Шифохонагача бўлган босқичда тиббиёт ходимларининг касбий салоҳияти ва амалий кўникмаларини ошириш орқали аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган мазкур марказ очилишида Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, “KOFIH” жамғармаси мутасаддилари, соҳа вакиллари иштирок этдилар.

Республика тез тиббий ёрдам маркази директори ўринбосари Фаррух Асқархўжаев таъкидлаб ўтганидек, тез тиббий ёрдам тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида ходимларни мунтазам равишда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларни замонавий билим ҳамда амалий кўникмалар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Марказ базавий ва кенгайтирилган реанимaция, шифохонагача бўлган жароҳатлар, шошилинч туғруқ ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитиш учун замонавий симуляторлар билан жиҳозланган. Бу ерда тез тиббий ёрдам ходимлари замонавий симуляторлар ёрдамида шошилинч вазиятларда ҳаракат қилиш, зарур тиббий муолажаларни бажариш ва тезкор қарор қабул қилиш бўйича амалий машғулотлар ўтказиш имкониятига эга бўладилар.

“KOFIH” жамғармасининг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича мутахассиси Жу Сингхваннинг қайд этишича, 2019 йилда бошланган кенг кўламли лойиҳанинг дастлабки босқичи 2023 йили якунланган. Унинг доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида замонавий ўқув-симуляция марказлари ташкил этилди. Бунинг учун Жанубий Корея томонидан 2,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. 2024 йилда лойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилиб, унда юртимизнинг барча ҳудудларида ўқув-симуляция марказларини ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, уни амалга ошириш учун 8 миллион доллар ажратилди.

– Янги янги марказимизнинг ишга туширилиши тез тиббий ёрдам ходимларини замонавий талаблар асосида тайёрлаш, уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва шошилинч ҳолатларда тезкор ҳамда самарали ҳаракат қилиш қобилиятини оширишга хизмат қилади, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган вилояти филиали директори Адҳамжон Ирисбоев. – Шифокорлар, фельдшерлар ва ҳайдовчиларни ўқитиш учун мўлжалланган замонавий симуляторлар билан жиҳозлангани эътиборга молик. Машғулотлар базавий ва кенгайтирилган реанимация, чақалоқлар реанимацияси, педиатрия амалиётида базавий реанимация, шифохонагача бўлган босқичда жароҳатларда ёрдам кўрсатиш, шошилинч туғруқ ва шу каби икки юздан ортиқ бошқа муҳим йўналишларни қамраб олади. Ўқув маркази беғараз берилган 12 дона сунъий интелектли муляж, бир дона санитар автомашинаси муляжи, шифохонагача бўлган тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун 40 хилдан ортиқ анжомлар билан жиҳозланди. Шунингдек, олис ҳудудларда фаолият юритувчи тез тиббий ёрдам ходимларини ўқитиш учун мобил ускуналар ҳам мавжуд.

Таъкидлаш лозимки, айни вақтда Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган вилояти филиалида 237 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 16 та реанимация, 167 та умумий шифокорлик, 49 та фельдшерлик ва 5 та психиатрия бригадаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Умуман олганда, филиалда жами 6 минг 111 ходим фаолият юритиб, уларнинг 1098 нафари шифокорлар, 3 минг 440 нафари ўрта тиббиёт ходимлари, 1 минг 304 нафари ҳайдовчилар ва 72 нафари бошқа тоифадаги ходимлардир.

Дарвоқе, янги марказда ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш ва маҳаллий мутахассислар салоҳиятини ошириш мақсадида тез ёрдам филиалининг тўрт нафар ходимини Корея Республикасига тренерларни тайёрлаш йўналиши бўйича ўқув курсига юбориш режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, янги ўқув-симуляция маркази ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини мустаҳкамлаш ва аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири