“Оқтом” обод ва кўркам маҳаллага айланади
Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, “Обод хонадон”,”Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш тўғрисидаги давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволдаги, жами 71 та маҳалла фуқаролар йиғинида ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари жадал тарзди олиб борилмоқда.
Фориш тумани 3-сектор ҳудудидаги “Оқтом”маҳалла фуқаролар йиғинида Президентимиз топшириқлари асосида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида у ерда бўлдик.
Бизга туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари, подполковник Қаҳрамон Назаров ҳамроҳлик қилди.
“Оқтом”да кечагина қишда лой, ёзда чанг-тупроқ кўчаларга бугун шағал ётқизилаётгани, нураб, қийшайиб қолган лой чордеворлар бузилиб, замонавий ғиштлардан девору бинолар ростлаётганига, аҳоли томорқалари ҳайдалиб, дарахтлар буталангани ва таглари оқланганига, қабристону кўчалар тозаланиб обод қилинаётганига гувоҳ бўлдик.
[gallery-21828]
Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, бу ҳудудда собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, ўтган асрнинг 1985 йилига қадар қарийб 1 минг гектарга яқин ерда виночиликка ихтисослашган узумчилик хўжалиги бўлиб, унда 500 нафарга яқин шу қишлоқ фуқаролари ўз меҳнатлари эвазига бола-чақасини боққан, рўзғор тебратган экан. Ўша йилнинг 1 июнида спиртли ичимликларга қўйилган тақиқдан сўнг, Москванинг буйруғи билан ана шу узимзорлар бутунлай йўқ қилиб ташланган. Бунинг натижасида қишлоқнинг 80 фоиз ишга яроқли аҳолиси ишсиз бўлиб қолган.
Фориш тумани ҳокими Икром Матиев ва у кишининг ўринбосарлари, туман прокурори, Ички ишлар бўлими бошлиғи ва бошқа мутасадди туман раҳбарларига кўча ва хонадонлар, ишлар тақсимланиб, барчалари ўзларига бириктирилган маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолини камбағалликдан ва маҳаллани оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш борасида амалга оширилаётган ишларга бош-қош бўлиб, ишларни назорат қилиб бораётгани эътиборимизни тортди.
– Маҳалламиздаги 583 хонадоннинг 685 оиласида 3500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳозир 85 нафар ишсиз, 95 та камбағал оила мавжуд бўлиб, буларнинг ишга яроқлилари ва ногиронларини имкониятига қараб иш билан таъминлаш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш чораларини кўраяпмиз, – дейди “Оқтом” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жаъфар Жалилов. – “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури ижроси доирасида маҳаллада оилавий табдиркорликни йўлга қўйиш, томорқадан самарали фойдаланиш, маҳалладаги оилалар даромадини ошириш мақсадида – банк имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 100 хонадонга 1 сотихдан, шунингдек, маҳалла этагидаги 40 – 50 йиллардан буён умуман сув чиқмайдиган, бўш ётган зовурга 3 сотихдан 25 та иссиқхона қуриб беришни режалаштирганмиз. Бу борадаги ишлар жадал суратлар билан олиб борилмоқда. Шунингдек, 100 оилага паррандачилик, 30 оилага бўрдоқичилик билан шуғулланиши учун ҳам узоқ муддатга имтиёзли банк кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилган.
Туман ҳокимининг ташаббуси билан вақтинча иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар гулчилик ва кўчатчилик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун Шароф Рашидов туманида гулчилик ва кўчатчилик билан танилган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор Шарофат Нориеванинг ўқув марказида ўқиб келди. Энди 20 нафар оқтомлик хотин-қиз айнан шу касб билан шуғулланишни бошламоқда. Барча лойиҳаларимиз ижроси таъминлангач, қарийиб 700 нафар маҳалламиз аҳолисининг бандлиги таъминланади.
Дарвоқе, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли томорқаларига экиш учун 30 минг туп олча дарахтига буюртма берилибди. Баҳорги экишга маҳалладаги ҳар бир хонадон томорқалари тайёрлаб қўйилганига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Маҳаллада истиқомат қилувчи энг кекса кишилар ҳам қишлоққа оқова сув келганини эслолмас экан. Шу сабабдан ҳудуддаги ҳар бир хонадонда томорқани суғориш учун қудуқ қазиб, сув чиқарилган. Эрта баҳор бошланиши билан экин-тикин ишлари бошлаб юборилар экан.
– Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан йўллар сифатини яхшилаш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, аҳоли ва транспорт воситалари ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш мақсадида Оқтом маҳалласидаги 10 километр ички йўлларга шағал тўкиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг январь ойидан буён ички имкониятларимизни тўлиқ ишга солган ҳолда ҳашар йўли билан туман ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари ва маҳалла фуқаролари томонидан 7,9 километр йўлларда кенгайтириш, қум-шағал тўкиб текислаш ишлари амалга оширилди, – дейди Фориш туман ҳокимининг ўринбосари Фаррух Амиров. – 1,5 километр пиёдалар йўлакчасини қуриш режалаштирилган бўлиб, шундан 800 метрига қум-шағал ётқизилиб, цемент қилинди.
Электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш, интернет алоқасини яхшилаш мақсадида режадаги 50 дона темир-бетон таянч устуни ўрнига 87 дона ўрнатилди. Айни пайтда СИП кабелларни тортиш ишлари олиб борилмоқда. 5 дона мавжуд трансформатор қайта таъмирланди. Режалаштирилган 4 километрлик ичимлик суви тармоғининг 2 километри реконструкция қилинди. Эҳтиёжманд хонадонларнинг 20 тасига қўшимча суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида маҳалла аҳолисига 580 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилди.
Булардан ташқари, маҳалладаги 2 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 1 та қишлоқ оилавий шифокорлик пунктида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилганини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз.
Туманга кириш айнан Оқтом маҳалласидан бошланади. Туман мутасаддиларининг таъкидлашича, ана шу кириш дарвозасининг Фориш тарихи билан уйғунлашган ҳолда замонавий типдаги лойиҳаси ишлаб чиқилаётган экан. Туманнинг ўзига хос томонини акс эттириб турувчи ушбу дарвоза ҳам бутунлай янгича қиёфа кашф этар экан.
Ободонлаштириш ишларидан ташқари, маҳалла аҳолиси учун тиббий кўрик ташкил этилиб, унда терапевт, травматолог, окулист, кардиолог, акушер гинеколог ва бошқа малакали мутахассислар маҳалла фуқаролари саломатлигини кўздан кечириб, тиббий кўрик давомида аниқланган касалликлар бўйича беморларга амбулатор ва стационар тартибда даволанишлари учун йўлланмалар берилибди.
Малакали мутахассислар томонидан жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш мавзусида ҳам тарғибот ишлари олиб борилибди.
– Жиззахлик таниқли санъаткорлар, иқтидорли маҳаллий ижрочи ёшлар томонидан маҳалламиз аҳолиси учун катта концерт дастури намойиш этилди, – дейди “Оқтом” МФЙ раиси Азамат Жуманазаров. – Худо хоҳласа, 21 март Наврўз байрамига маҳалламизнинг тантанали очилиш маросими бўлади. Республика пойтахтидан энг машҳур санъаткорлар келишади. Маҳалла байрамига сизларни ҳам таклиф қиламиз. Ана ўшанда “Оқтом” Янги Ўзбекистоннинг энг гўзал ва обод маҳалларидан бирига айланганига ўзларингиз гувоҳ бўласизлар.
Мухтасар қилиб айтганда, Фориш тумани “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод хонадон”, “Обод кўча”,“Обод маҳалла” мезонлари асосидаги ободонлаштириш ишлари изчиллик билан давом этмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/r5P18bqSy34?si=I-Ev62U7dqv__ZTL" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео,сурат),
ЎзА мухбирлари