Оқтепа кумуш конида йирик инвестиция лойиҳаси жадаллашмоқда
Наманган вилоятининг Поп туманидаги Оқтепа участкасида айни кунларда Озарбайжон Республикаси билан ҳамкорликда "Great Fortune International" масъулияти чекланган жамияти томонидан кумуш конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ўрганиш давомида қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан якунлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини тезкор барпо этиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда сармоя лойиҳасини амалий босқичга ўз вақтида олиб чиқиш муҳим эканлигига эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи ҳудудлардаги ўрганишлар чоғида олиб борилаётган лойиҳа ишлари билан яқиндан танишди. Унда йирик лойиҳанинг бугунги кундаги бажарилиш ҳолати, қурилиш-монтаж ишларининг суръати, ишлаб чиқариш инфратузилмасини барпо этиш жараёнлари ҳамда келгуси режалар юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди.

Умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур инвестиция лойиҳаси тўлиқ ишга тушгач, конда суткасига икки минг тонна, йилига эса 700 минг тонна маъданни қайта ишлаш қуввати яратилади.
Қолаверса, лойиҳа доирасида 1000 та янги иш ўрни ташкил этилиши, ҳар йили 50 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Бу эса ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, саноат тармоғини диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга туртки беради.

Вилоят раҳбари алоҳида қайд этганидек, мазкур лойиҳа Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини янада юксалтириш, қимматбаҳо металлар захираларидан самарали фойдаланиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва ҳудуд иқтисодиётига қўшимча туртки беришга хизмат қиладиган стратегик аҳамиятга эга сармоя лойиҳаларидан ҳисобланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.