Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Нукус туманига пресс-тур ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирдан кўзланган мақсад Нукус шаҳри аҳолиси ва меҳмонларининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида ҳудуддаги илғор фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишишдан иборат.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб тумандаги "Биогумус" фермер хўжалигида бўлди. Мазкур хўжалик 2018 йилдан буён "Қуёшда қуритилган экологик тоза органик помидор ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш" лойиҳасини муваффақиятли амалга оширмоқда.
Тумандаги дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси дала майдонида амалга оширилаётган инновацион лойиҳа билан танишув иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Лойиҳа доирасида 5 гектар майдонда шолини томчилатиб суғориш технологияси Исроил ва Германия давлатларининг энг илғор технологиялари асосида тажриба сифатида синовдан ўтказилмоқда.
[gallery-24283]
Тадбир иштирокчилари Нукус туманида қовун ва тарвуз етиштириш бўйича илғорлардан бири ҳисобланган "Qudekov Жадигер" масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Бу хўжалик жорий йилда 10 гектар майдонда қовун ва тарвуз етиштириб, юқори ҳосилдорликка эришди. Фермерларнинг меҳнати натижасида ҳосилнинг 100 тоннаси Қозоғистон Республикасига экспорт қилинди.
Туманининг "Тақиркўл" қишлоғида яшовчи Амангул Алламбергенова томонидан 2005 йилда оилавий бизнес сифатида ташкил этилган "Диана Мардана" фермер хўжалиги бугунги кунда 28 гектар ерга эга. Шундан 10 гектари экин майдони бўлиб, унинг 5 гектари ҳосилдор боғга, 2 гектари буғдойга, 3 гектари турли полиз экинларига ажратилган. Бундан ташқари, 3 гектар ерда пиллачилик билан шуғулланувчиларга ёрдам тариқасида тутзор барпо этилган.
Амангул опа оила аъзолари билан бирга эрта баҳорда фойдаланиш учун икки сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, картошка, пиёз ва турли полиз экинлари етиштиради. Қозоғистон Республикасига экспорт қилиш учун 1 гектар ерга қовун экилган. Оила даромадини ошириш мақсадида дала четларига 1000 туп оқ терак ва 500 туп қора тол экилган бўлиб, бу дарахтлар ҳам оилага яхши даромад келтиради. Фермер хўжалигида 30 қути асалари ҳам бор. Опа эрта тонгдан бошлаб оила аъзолари билан биргаликда меҳнат қилади, 15 кишига доимий иш ўрни яратди. Мавсумда эса қўшимча 10-15 кишини иш билан таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, Нукус тумани асосан полиз, сабзавот ва мева маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, бугунги кунда 59 фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ер майдони ажратиб берилган. Бундан ташқари, туман ҳудудида мева ва узумзорларни ривожлантириш мақсадида 118 фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 432 гектар майдонда боғ ҳамда 15 фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонасида 28 гектар узум плантациялари яратилган.
Сирасини айтганда, сўнгги йилларда Оқманғитнинг мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари довруғи нафақат мамлакатимизда, балки қўшни давлатларга ҳам ёйилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА