Ўқитувчиларнинг фан олимпиадаси бошланди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 118-умумтаълим мактабида ўқитувчилар ўртасида ўтказилаётган «Ўқитувчилар олимпиадаси»нинг республика босқичи мусобақалари бошланди.
Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур олимпиада 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб математика фани бўйича илғор, ташаббускор ва ижодкор педагогларни аниқлаш, қобилият, касбий маҳоратини рўёбга чиқариш, кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уч босқичда ўтказилган эди. Унда жами 6 минг нафарга яқин ўқитувчи иштирок этганди.
Мамлакатимизнинг кўплаб педагоглари таклифига асосан «Ўқитувчилар олимпиадаси» 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб математика фани билан бирга физика, кимё ва биология фанлари бўйича ҳам ташкил этилиши йўлга қўйилди.
Жорий йилги олимпиада мусобақалари ҳам уч босқичда ўтказилмоқда. Унинг дастлабки босқичида жами 30 минг нафарга яқин устозлар иштирок этди. Устозлар олимпиадасининг республика босқичида барча фанлар доирасида жами 168 нафар (физика, кимё ва биология фанларидан 3 нафардан, ҳар бир ҳудуддан 12 нафардан) ўқитувчи қатнашмоқда.
Олимпиаданинг биринчи кунида иштирокчиларга 5 та масаладан иборат ёзма иш вазифаси берилди. Ушбу топшириқни бажариш учун 3 соат вақт ажратилди.

- Мазкур фан олимпиадаси устозларнинг фикр ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ташкил этилди, - деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти директори Умид Раҳмонов. – Маълумки, фан олимпиадалари ўқитувчи учун ҳам керакли билим ва кўникма эгаси бўлишни талаб этади. Олимпиадада қатнашган педагоглар тренер сифатида ўқувчиларни фанлар бўйича олимпиадаларга тўғри йўналтиришга, ёндашишга ўргатадилар.
Олимпиаданинг иккинчи кунида иштирокчиларга тегишли фан йўналишлари бўйича методик қисм ва тест топшириқларидан иборат вазифалар берилади.
Методик қисмда иштирокчилар тақдим этилган топшириқлар, мисол ва масалаларни тўғри ёки нотўғри ечилганлигини изоҳлаб, ҳар бирини баҳолаши талаб этилади.
Ушбу топшириқни бажариш учун 2 соат вақт ажратилади ва натижалар 50 балл билан баҳоланади. Республика босқичи натижаларига кўра, ҳар бир фан бўйича 6 нафардан иборат ғолиб аниқланади ҳамда улар турли номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.
Барча фанлар натижаларига кўра ҳудудлар бўйича рейтинг эълон қилинади. Мазкур олимпиадада муваффақиятли иштирок этган ўқитувчиларнинг иқтидорли ўқувчилар билан ишлашида ҳамкорлик ўрнатилади. Шунингдек, ўқувчи ёшларни республика, халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш жараёнларига жалб қилинади.
Н.Усмонова, ЎзА