Ўқитувчилар учун қисқа курслар очилди
Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда педагог ходимлар учун узлуксиз методик ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, ҳаёт давомида ўқиш (Lifelong learning) тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида 19 та манзилли сайёр қисқа муддатли курслар ташкил этилди. 18 соатлик мазкур курсларга 570 нафар тингловчи қатнашмоқда.
– 2021/2022-ўқув йили бошидан буён педагог ходимларнинг узлуксиз касбий маҳоратини ошириш, халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёрлаш ва касбий эҳтиёжларига мос равишдаги 18 та қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилилиб 618 нафар тингловчи ўқитилди, – ҳудудий марказ директори А.Ибрагимов. – Шунингдек, мактаблар ўқитувчиларига доимий равишда илмий-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида марказимиз профессор-ўқитувчилари томонидан 33 та телеграм канал ва гуруҳлар ташкил этилиб, 13 минг нафардан ортиқ тингловчи қамраб олинган. Умумий ўрта таълим мактабларида ўтиладиган фанлар кесимида ҳам педагог ходимларга метод кунларида услубий амалий ёрдам кўрсатишнинг онлайн ўқув модуллари ишлаб чиқилди. Ушбу масофавий машғулотлар 2022 йилдан бошлаб 19 фан йўналиши бўйича марказнинг маҳоратли профессор-ўқитувчилари томонидан режа асосида амалга оширилмоқда. Ўқув курслари педагог ходимларнинг тоифасига кўра вариатив режалар асосида ташкил этилади.
Педагог ходимларни тоифа аттестациясига тайёрлаш учун фанлар кесимида 12 мингта тестлар банки яратилиб, фойдаланиш учун марказ сайтига жойлаштирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА