Ўқитувчи устама тўланмаётганидан норози бўлди
Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Хайрулло Собиров томонидан аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни қонуний ҳал этиш мақсадида қабул ўтказилди. Унда туман (шаҳар) адлия бўлимларидаги студиядан фуқаролар ҳамда тадбиркорлар ўз муаммолари ва масалалари билан мурожаат қилди.
Тўрақўрғон тумани Файзиобод маҳалласида яшовчи Ўлмасбек Холмирзаев тумандаги 2-сон касб-ҳунар мактаби информатика ўқитувчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У халқаро тоифадаги “Google for education” сертификатига эга бўлса-да, унга 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Президент фармонига кўра, ҳар ойлик қўшимча устама тўланмасдан келаётганидан норози. Муаллимнинг мурожаати Тўрақўрғон тумани адлия бўлими иш юритувига олиниб, қонуний ҳал этилиши белгиланди.
Шунингдек, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи Аҳмадхон Маматхонов тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, бу орқали ўзинг савдо белгисига эга бўлиши масаласида қилган мурожаати ижобий ҳал этилишадиган бўлди.
Яна бир фуқаро Хуршида Мирзаеванинг уй-жой масаласидаги мурожаати тингланиб, унга субсидия асосида уй олиш мумкинлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Қабул давомида шунингдек, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ҳам ўтказилди. Мулоқотларда коммунал, уй-жой ва ер ажратиш, қурилиш, бандлик масалаларига оид билдирилган масалаларнинг аксариятига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар адлия бошқармаси, унинг туман бўлимлари иш юритувига олинди.
Маълумот учун, Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ҳафтанинг сешанба куни ва ҳар пайшанба кунида бўлим бошлиқлари маҳаллаларда аҳоли муаммоларини тинглайди. Бу эса муаммоларни тез ва самарали ҳал этиш имконини бермоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА