Ўқитувчи ўз устида пухта ишласа, таълим ўзгаради
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи асосида умумтаълим муассасалари ўқитувчилари учун «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирлари ташкил этилмоқда.
Мазкур йўналишдаги тренинглар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ҳамда Британия Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Тадбир давомида «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» машғулотларининг мазмун-моҳияти, уларни самарали ташкил этиш методикаси ҳамда ўқитувчиларнинг касбий эҳтиёжларига мос ёндашувлар бўйича тақдимот ва амалий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тренингларда жами 320 нафар мастер-тренернинг касбий ва методик салоҳиятини ошириш кўзда тутилган. Кейинчалик улар бир ўқув йили давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан белгиланган 1500 та таянч мактабда касбий ривожланиш машғулотларини олиб борувчи 400 минг нафарга яқин ментор-устозлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Шунингдек, мастер-тренерлар 350 нафардан ортиқ ўқитувчилар учун каскад усулидаги тренингларни ташкил этиш ва уларга раҳбарлик қилишда иштирок этади.
Мазкур тренингларнинг асосий мақсади — узлуксиз касбий ривожланиш тизими доирасида «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларини сифатли ташкил эта оладиган, ментор-ўқитувчиларга методик жиҳатдан кўмак берадиган малакали мастер-тренерларни тайёрлашдан иборат.
Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг замонавий педагогик технологиялар ва методик ёндашувлар бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш, халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда илғор тажриба алмашиш майдонини яратиш, умумтаълим муассасаларида ўқув жараёни ва «Келажак соати» самарадорлигини ошириш, шунингдек, педагогларни узлуксиз касбий қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Амалиётга йўналтирилган замонавий ёндашувлар
Тренингнинг амалий мазмуни педагогларнинг касбий салоҳиятини комплекс ривожлантиришга қаратилган. Хусусан, ижтимоий-ҳиссий таълим (SEL) асосида педагогларнинг касбий фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлаш, «Келажак соати» самарадорлигини оширишда педагогларнинг ролини кучайтириш, педагогик рефлексияни ривожлантириш, универсал дизайн тамойиллари асосида инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш, ўқувчилар натижаларини яхшилашга қаратилган баҳолаш ёндашувларини қўллаш каби масалалар қамраб олинган.
Шунингдек, педагогик фаолиятда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг этик ва ҳуқуқий асосларини ўзлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўқув дастурида рефлектив амалиёт, синф тадқиқоти ва инклюзив таълимнинг замонавий ёндашувлари ўрганилади. PISA, PIRLS ва TIMSS халқаро баҳолаш дастурларининг мазмуни ҳам «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» дастурларига интеграция қилинмоқда.
[gallery-31431]
Фанлар кесимида ҳам ўқитувчилар учун амалий методик ечимлар таклиф этилган. Жумладан, табиий фанларда рақамли ва виртуал лабораториялардан фойдаланиш, информатикада лойиҳага асосланган таълим (PBL) ва рақамли компетенцияларни шакллантириш, математикада TIMSS ва PISA топшириқлари асосида таҳлил ҳамда мулоҳаза юритиш кўникмаларини ривожлантириш, филология ва тил фанларида коммуникатив компетенцияни шакллантириш, бошланғич таълимда реал ҳаётга оид матнлар ва амалий вазифалардан фойдаланиш каби йўналишлар ўрин олган.
Бунда такрорий назарий баёндан кўра, ўқитувчиларнинг дарс жараёнида бевосита қўллаши мумкин бўлган метод ва воситаларини шакллантиришга устувор аҳамият берилмоқда.
Тренинг дастуридан рақамли ва интерактив таълим платформаларидан фойдаланиш, рақамли ўқув материалларини яратиш, сунъий интеллект ёрдамида ўқув материаллари ва баҳолаш воситаларини ишлаб чиқиш, халқаро тадқиқотлар маълумотларини таҳлил қилиш каби замонавий компетенциялар ҳам ўрин олган.
Бундай ёндашув мастер-тренерларни замонавий методик ечимларни амалиётга олиб кирувчи ва уларни ментор-ўқитувчилар орқали кенг татбиқ этувчи методик лидерлар сифатида тайёрлашга хизмат қилади.
Касбий ривожланиш жараёни рақамлаштирилмоқда
2026–2027 ўқув йилида касбий ривожланиш жараёнларини бошқариш ҳам рақамлаштирилмоқда. Шу мақсадда Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти томонидан krk.avloniy.uz электрон платформаси ишга туширилди.
Платформа орқали тингловчиларнинг реал вақт режимида геолокация асосидаги иштирокини мониторинг қилиш, тренинг давомида эгаллаган билим ва кўникмаларини баҳолаш, машғулот ўтказган тренерлар фаолиятини кузатиш ҳамда тренинглар сифатини таҳлил қилиш имкониятлари жорий этилган.
Шу тариқа «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» фақатгина ўқитувчилар учун навбатдаги малака ошириш машғулоти эмас, балки замонавий методик ёндашув, рақамли технологиялар, халқаро баҳолаш мезонлари ва узлуксиз касбий қўллаб-қувватлашни бирлаштирган яхлит тизим сифатида шаклланмоқда.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (суратлар), ЎзА мухбирлари