“Ўқимаган бўлсанг ҳам гувоҳнома олиб бераман”
Беруний туманидан фуқаро Р.Р. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти номига ариза билан мурожаат қилиб, ушбу туманда яшовчи “И” исмли шахс унга ўқув ташкилотида ўқимаган бўлса-да ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини ваъда қилиб, эвазига 3.500.000 сўм талаб қилаётганлиги ҳақида билдирган.
Мазкур мурожаатга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда Беруний туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, “И” исмли шахс фуқаро Р.Р.дан талаб қилган 3.500.000 сўм пулни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28-, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА