Аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган “Қўшни келди – кўмак келди” ибораси мазмун-моҳиятини шуманайликлар ўз ҳаётида кўриб, янада теранроқ ҳис этмоқда десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, улар қўшни хоразмликларнинг беғараз кўмаги, амалга оширган хайрли ва савоб ишларидан, аввало, шу эзгу ташаббусни илгари сурган Президентимиздан миннатдор бўлмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 1 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига асосан Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Унда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманларига бириктирилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг барча овул ва қишлоқларидаги аҳоли турар жойлари ҳамда ички йўлларнинг ҳолати бўйича ўтказилган хатловдан келиб чиқиб, оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 21 минг 94 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойни янгидан қуриш вазифаси белгиланди.

Бу ташаббус барча вилоятлар, бутун мамлакатни Оролбўйида эзгулик йўлида бирлаштирди. Бундай ҳамжиҳатлик, ўзаро кўмак, меҳр-оқибат кўплаб қорақалпоғистонликларнинг мушкулини осон, оғирини енгил қилди.
Шу жараёнда Хоразм вилоятига Шуманай тумани бириктирилди. Ҳудудни ривожлантириш бўйича ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қилинган дастлабки ишлардан бири туманнинг “Бирлешик” овул фуқаролар йиғини ҳудудида Хоразм вилояти маҳаллий бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобидан 50 ўринли замонавий болалар боғчаси қуриб фойдаланишга топширилди. Янги мактабгача таълим ташкилотида болажонларнинг соғлом ўсиб вояга етиши учун барча шароитлар яратилган. Овулда мазкур мактабгача таълим муассасасининг иш бошлаши натижасида болаларнинг боғчага қамров даражаси 45 фоиздан 90 фоизга ошди. Шунингдек, хоразмликлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманидаги турмуш шароити оғир оилаларга тегишли бўлган уйларнинг томи шифер билан ёпилиб, ўта оғир аҳволдаги турар жойлар қайта, янгидан қуриб берилгани ҳақидаги хабар нафақат шуманайликлар, балки ҳар биримизнинг кўнглимизда миннатдорлик туйғусини уйғотди.
– Маҳалламизда Гурлан тумани ҳокимлиги томонидан 27 та уйнинг том қисми шифер қилинди ва битта уй янгидан қуриб берилди, – дейди “Ақжап” овул фуқаролар йиғини раиси Қуралбай Убайдуллаев. – Гурлан тумани ҳокими, ҳоким ўринбосарлари ишнинг бошида бўлиб тез-тез хабар олиб турди. Уй эгалари улардан миннатдор.
Маҳалла раиси ҳамроҳлигида янги қурилган уйнинг соҳиби иккинчи гуруҳ ногирони Баҳодир Алламберганов билан учрашар эканмиз, у сўз аввалини Президентимизга миннатдорчилик билдиришдан бошлади. Янги уйнинг шундоққина ёнида турган нураб тўкилиб кетган эски кулбани кўрсатиб 20 йил шу ерда яшагани, 8 синфда ўқийдиган ногирон ўғли борлиги, хотини ҳам тез-тез оғриб туришини, чипта тўқиб кун кечиришини таъкидлади. У эски уйини обод қилиб, янги уйда янги ҳаёт бошлаш ниятида.

– Касаллигим сабабли иккинчи гуруҳ ногирониман. Уйимизни қурганимизга 15 йил бўлди. Томини шифер қилишга қурбимиз етмади. Ҳар йил қишнинг ёмғирли кунларини жуда қийинчилик билан ўтказардик. Уйимиз томи қайта ёпилгач кучли ёғингарчиликда ҳам кўнглимиз хотиржам бўлди. Аввало, Президентимизга ва қолаверса, хоразмликларга катта раҳмат, – дейди Шуманай тумани Мўнчоқли маҳалласида яшовчи Нағима Убайдуллаева.
Унинг ён қўшниси ёлғиз яшовчи Жалғас Элмуратов эса ўзига янги уй қуриб берилганидан мамнун. Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан Шуманай туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида тумандаги 349 та турар жойда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Жумладан, 329 та уйнинг том қисмини ёпиш ҳамда 20 тасини янгидан қуриш ишлари олиб борилди. Мазкур ишларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 5,5 миллиард сўм ажратилди.
– Дарҳақиқат, Хоразм вилояти, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, мутасадди корхона ва ташкилотлари туманимизни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, аҳолимизнинг турмуш даражаси, уй-жой шароитларини яхшилаш борасида ўзларига юклатилган вазифалар ижросига ниҳоятда масъулият билан ёндашди, – дейди Шуманай тумани ҳокимининг қурилиш коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Айдос Мамбетжанов. – Шу жараёнда қурувчи усталар билан хонадон эгалари яқин қариндошдай бўлиб кетди.
Бундай илиқ фикрларни эшитар эканмиз Ибройим Юсуповнинг бир дарёдан сув ичиб неча асрлардан буён қўшни яшаб келаётган халқларнинг дўстлигини мадҳ этувчи қуйидаги мисралари ёдга келди:
Аму суви еримизга қон томирдай таралган, Арналарнинг тўғонлари бир-бирига қараган.
Кун десанг кун, гул десанг гул, яшна гўзал Хоразм,
Ол, мен мангу Ватандошинг қорақалпоқ бўламан.
Яхшилик қандай яхши, кўнгилларни, одамларни, элларни бир бирига боғлайди. Дўст-қадрдон, оға-инига айлантиради. Ҳамжиҳатлик, якдилликка асос солади. Биз биргина Шуманай мисолида сўз юритдик, холос. Бошқа туманларга бириктирилган вилоятлар томонидан ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовор, албатта. Аммо Оролбўйидаги бундай тарихий, мислсиз ўзгариш ва янгиланишлар, бу ҳудуднинг ободлиги, гуллаб-яшнаши учун жонини фидо қилиб меҳнат қилаётган марду майдонлар ҳақида ҳали китоблар ёзилса ажаб эмас.
Назира Матяқубова,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси депутати,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
ӮзА